Шу кунларда ов-ҳавонинг кескин совиб кетиши, қор ёғиши туфайли ҳудудларда аҳоли хонадонларини иситиш муаммоли масалага айланди.
Айрим техник сабабларга кўра, электр ва газ таъминотидаги узилишларни ҳисобга олиб чекка маҳаллаларда аҳолига қулайлик яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги қошида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш, истеъмолчиларни электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш жараёнининг боришини ўрганиш ва назорат қилиш чоралари кўрилмоқда. Мақсад аҳолини куз-қиш мавсумидан беталафот чиқиб олиши чоралари кўришдир.
Мутасаддиларнинг саъй-ҳаракати билан мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти вилоят филиалидан ҳудудда яшовчи 157 нафар “Темир дафтар”га рўйхатида турувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага эҳтиёжидан келиб чиқиб, бир тоннадан бепул кўмир маҳсулоти тарқатилди. Туман ҳокимлиги, ташаббускор корхоналар вакиллари ўз ҳисобидан ушбу хайрли ишларга маблағ ажратди. Белгиланган рўйхат асосида кўмир ортилган юк машиналари карвони маҳаллаларда жўнатилди.
Жумладан, “Кучлук” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Темир дафтар”га кирилган 25 та ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилага ҳам бир тоннадан кўмир берилди.
– Совуқ кунлар келиши билан уйларни иситишда муаммолар бўлаверади, – дейди маҳаллада яшовчи Умида Саидмуродова. – Биз каби ногирони бор, ёш болали оилаларга бундай пайтларда қийн бўлади. Шундай бўлса ҳам маҳалла раиси ва мутасаддилар доим бизга ёрдам қўлини чўзиб, эътибордан четда қолдиришмайди. Ҳозирги вазиятда оиламизга ҳам кўмир берилгани айни муддао бўлди. Энди хонадонларни иситишдан кўнглимиз тўқ.
Ушбу ташаббус вилоят бўйича тизим ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда ташкил этилиб, аҳоли ҳолидан хабар олиш ва зарур маҳсулотлар билан таъминлаш ишлар олиб борилади.
А.Мусаев, ЎзА