Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ тумани кенгашининг навбатдаги сессиясида туман ҳокими Олимжон Нурматов, сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, депутатлар, туман бўлимлари, корхона ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши топшириғига кўра туман ҳокимининг ҳудуд аҳолиси олдида 2020 йил йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва келгуси йил учун мўлжалланган режаларга бағишланган мурожаати эшитилди.
Хусусан, ўтган даврда 1 минг 251 та доимий иш ўрини қайта тикланган, 395 та фуқаролар мавжуд бўш вакант иш ўринларига ишга жойлаштирилган. Жойларда ишсиз фуқароларнинг 730 нафари жамоат ишларига жалб этилган бўлса, 41 нафар оилага субсидия асосида енгил типдаги иссиқхоналар қуриб берилган. Ўз навбатида ёз мавсумида 1 минг 255 нафар оилага ғалладан бўшаган майдонлар такрорий экин экиш учун 1 гектардан ажратилди. Мақсад “Темир дафтар”даги оилалар бандлигини таъминлаш, турмуш шароитини яхшилашдир.
– Бугунги кунда карантин қоидалари енгиллаштирилган бўлсада 4 та сектор раҳбарлари томонидан ҳар бир эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, мавжуд муаммоларини ечишда амалий ёрдам бериш тўхтаб қолгани йўқ, – дейди туман ҳокими О.Нурматов. – Аксарият оилаларни доимий даромади тиклангани натижасида 890 нафар оиланинг томонидан “Темир дафтар”дан чиқариш бўйича ишлар олиб бориляпти.
Умуман олганда, мурожаатда туман ҳокими томонидан ҳудудларда амалга оширилаётган 27 та йўналишдаги ислоҳотларга тўхталиб ўтилди.
Сессия иши доирасида туманда фаолият кўрсатувчи тадбиркор ва ишбилармонлар томонидан ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
А.Мусаев, ЎзА