Оромгоҳдаги тадбир ҳақиқий байрамга айланди
30 июль — Халқлар дўстлиги куни мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қиладиган муҳим сана сифатида кенг нишонланади. 2021 йилда қабул қилинган Қонунга мувофиқ, ушбу байрамнинг таъсис этилиши Янги Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодаси бўлди.
Бундай эзгу қадриятларни болалар қалбига эрта ёшдан сингдириш эса эртанги тинч ва аҳил жамиятнинг мустаҳкам пойдеворидир. Шу маънода ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар нафақат болажонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, балки уларда Ватанга муҳаббат, миллатлараро дўстлик ва ўзаро ҳурмат туйғуларини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Жиззах вилоятининг сўлим Зомин туманида жойлашган “Юлдузча” болалар дам олиш оромгоҳи ана шундай масканлардан бири саналади. Жорий ёзги мавсумда бу ерда 600 нафардан ортиқ болажоннинг мазмунли дам олиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтда тўртинчи мавсумда 5 та гуруҳда 150 нафар дам олувчи билан 14 нафар тарбиячи-етакчи иш олиб бормоқда.

Оромгоҳда болаларнинг қизиқиши ва иқтидорини рўёбга чиқариш мақсадида 10 та клуб ҳамда кўплаб тўгараклар фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштиришини ташкил этиш департаменти томонидан ишлаб чиқилган 12 кунлик намунавий дастур асосида ҳар бир кун муайян мавзуга бағишланиб, болажонлар турли маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирларида фаол иштирок этишмоқда. Мазкур дастурда ўнинчи кун “Миллатлар дўстлиги куни” сифатида белгиланган бўлиб, унда турли миллатларнинг маданияти, анъаналари ва урф-одатларини тарғиб этувчи чиқишлар ташкил этилади.
Айнан шу кун муносабати билан Зомин туманидаги “Юлдузча” оромгоҳида ҳақиқий байрам муҳити ҳукм сурди. Болажонлар ўзлари тайёрлаган саҳна кўринишлари, миллий қўшиқ ва рақслар, халқ оғзаки ижоди намуналари ҳамда миллий либослар намойиши орқали турли миллатларнинг бой маданий мероси ва қадриятларини маҳорат билан кўрсатиб беришди. Тадбирнинг ҳар бир чиқиши иштирокчиларда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.

– Оромгоҳимизда болажонлар зерикишига вақт йўқ. Ҳар бир кун аниқ дастур асосида қизиқарли ва тарбиявий аҳамиятга эга тадбирлар билан мазмунли ташкил этилмоқда. Бугунги “Миллатлар дўстлиги куни” ҳам болаларнинг энг эсда қоларли байрамларидан бирига айланди, – дейди оромгоҳ директори Алишер Хоринов.
Тадбирга туман марказидан 45 километр узоқликдаги чекка ҳудудда жойлашган қирғиз тилида таълим бериладиган 44-умумтаълим мактаби директори Бердиёр Ўролов ҳамда мактаб қошидаги “Бермет” ансамбли жамоаси меҳмон сифатида таклиф этилди. Мактаб кутубхоначиси Анора Яхшиликова ижросида янграган қирғиз миллий куй-қўшиқлари тадбирга янада ўзига хос руҳ бағишлади. Бу эса оромгоҳда турли миллатлар маданиятининг ўзаро уйғунлиги ва дўстлик муҳитини яна бир бор намоён этди.

Тадбир якунида Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштиришини ташкил этиш департаменти томонидан фаол иштирок этган дам олувчилар ҳамда оромгоҳ жамоаси ташаккурномалар билан тақдирланди.
Маънавий-маърифий аҳамияти билан ажралиб турган бундай тадбирлар болажонларнинг таътилига унутилмас хотиралар бағишлаш билан бирга, уларнинг қалбида турли миллат ва элат вакилларига ҳурмат, бағрикенглик ва дўстлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири