Нукусда Глобал ёшлар фестивали 2025: Рақамли “яшил” ташаббуслар ҳафталигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ёшлар ишлари агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади, дунё ёшларини Ўзбекистонда бирлаштириш, улар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, шунингдек, бугунги кунда долзарб бўлган йўналишлар бўйича эркин мулоқот майдонини яратиш ҳисобланади. Шу билан бирга, минтақавий мавжуд ижтимоий муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш ва уларга ечим топиш орқали Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдонда имиджини мустаҳкамлаш, “Ўзбекистон – ёшлар мамлакати” ғоясини илгари суришдан иборат.
[gallery-23410]
Мамлакатимизда жорий йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши ҳамда 15 май – Халқаро иқлим куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда дунёнинг 11 та давлатидан ёшларга оид давлат сиёсатига масъул давлат органлари ва жамоат ташкилотлари расмий делегациялари, халқаро ташкилотлар, креатив иқтисодиёт вакиллари, шунингдек, ёш тадқиқотчилар, олимлар, ижодкорлар, экофаоллар, халқаро даражадаги экспертлар фаол ёшлар иштирок этмоқда. БМТ ва унинг Ўзбекистондаги агентликлари UNICEF, UNDP, UNODC, UNFPA, Яшил иқлим жамғармаси, Глобал экологик жамғармаси, Қўшилмаслик ҳаракати, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва “Green” университети тадбирнинг хорижий ҳамкорлари ҳисобланади.
Дастлаб “Оқ қуш” мажмуасида “Ёшлар ва Орол денгизини сақлаш: экологик лойиҳалар ва рақамли ташаббуслар” мавзусида пленар мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов сўзга чиқиб, иштирокчиларни тадбирнинг очилиши билан қутлади ва давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудидаги экологик муаммалар, уларга жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиш ҳамда бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Таъкидланганидек, халқаро майдонда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати соҳасидаги ислоҳотларни жаҳон ҳамжамиятига интеграция қилиш тизими яратилди. Хусусан, 2024 йилнинг 25-30 июнь кунлари илк маротаба мамлакатимизнинг 5 та вилоятида Глобал ёшлар фестивали ўтказилди. Унинг доирасида 15 та халқаро тадбир, 40 дан ортиқ икки ва кўп томонлама учрашув, танлов ва мусобақалар ташкил этилиб, тадбирларга 92 та давлатдан 700 нафардан ортиқ меҳмон ҳамда 1 миллион нафарга яқин ёш жалб этилди.
2024 йил 12 ноябрь куни Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP 29)да Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 15 май – Халқаро иқлим кунида Оролбўйи минтақасида Рақамли “яшил” ташаббуслар глобал ёшлар фестивалини ўтказиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, ушбу конференция доирасида 12 ноябрь куни Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Венгрия ва Ўзбекистон ўртасида “2024 – 2030 йилларда барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда болалар ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича халқаро стратегия” имзоланди.
Очилиш маросимидан сўнг, Рақамли “яшил” ташаббуслар мавзусига бағишланган ёшлар сессияси ва нуфузли спикерлар иштирокида ёшлар билан мулоқот, Халқаро эко-волонтёрлар форуми, Ўзбекистон-Озарбайжон ёш эко - инфлуенсерлар учрашуви, Марказий Осиё ёшлари ўртасида “Green Spark” стартаплар ҳамда “Ёшлар ва иқлим”танловлари ўтказилиб, рақамли эко-кўргазмалар ташкил этилди. Тадбир иштирокчилари Нукус шаҳридаги Ёшлар марказига, Ёшлар технопаркига, IT-паркка, жаҳонга машҳур И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейига ташриф буюрди.
–Дунёнинг бир қатор мамлакатларидан энг кучли ёш экологлар билан стартапчилар иштирок этаётган нуфузли анжуманда қатнашаётганимдан хурсандман, –дейди озарбайжонлик Саида Мамедова. –Биз нафақат дўстлар орттирдик, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш каби глобал муаммоларни биргаликда бартараф этиш юзасидан янги лойиҳаларни амалга оширамиз, деган умиддамиз. Албатта, ёшлар томонидан ишлаб чиқилган стартаплар келажакка ўзининг ижобий самарасини беради.
Глобал ёшлар фестивали 2025: Рақамли “яшил” ташаббуслар ҳафталиги доирасидаги тадбирлар Мўйноқ туманида давом этмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА