Оролбўйида барқарор туризмни ривожлантириш истиқболлари
Нукусда барқарор туризмни ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик мулоқоти ҳамда “Ёшлар ва аёллар – Қорақалпоғистонда доимий туризм элчилари” лойиҳаси доирасида ташкил этилган бизнес ғоялар танлови ғолиблари тақдирланди.
“DMO Karakalpakstan” жамоат бирлашмаси томонидан ташкил этилган тадбирда Нукус шаҳри ва Хўжайли тумани ҳокимликлари, оила ва хотин-қизлар, ёшлар ишлари бўлимлари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туризм бизнеси, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, “DMO Karakalpakstan” жамоат бирлашмаси томонидан Европа Иттифоқи, Конрад Аденауэр фонди ва "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати кўмагида амалга оширилаётган “Ёшлар ва аёллар - Қорақалпоғистонда доимий туризм элчилари” лойиҳасининг мақсади, лойиҳа доирасида ўтказилган ўқув тренинглар ва бизнес ғоялар танлови натижасига тўхталиб, Оролбўйида барқарор туризмни ривожлантиришга қаратилган ёшлар ва аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг долзарблигини қайд этдилар. Шунингдек, минтақанинг туристик жозибадорлигини ошириш учун давлат ҳокимияти органлари, бизнес ва жамоатчилик саъй-ҳаракатларини бирлаштириш юзасидан келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

Учрашувнинг муҳим жиҳатларидан бири лойиҳа иштирокчилари томонидан тайёрланган энг яхши бизнес ғояларнинг тақдимоти бўлди. Хўжайли тумани ва Нукус шаҳридан ташриф буюрган ташаббускорлар Қорақалпоғистоннинг туризм салоҳиятини ривожлантириш, янги туризм маҳсулотларини яратиш, маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва туризм соҳасига замонавий ёндашувларни жорий этишга қаратилган ўз ишланмаларини тақдим этдилар.
Учрашув якунида бизнес ғоялар танлови ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири