Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолияти ўрганилди
Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, ўрганиш ишларини олиб боришмоқда, фуқаролар билан яқиндан мулоқот қилиб, уларнинг мурожаатларини тинглашмоқда. Турли соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар билан яқиндан танишиб, мавжуд масалаларни ҳал этиш чораларини кўрмоқда.
Жумладан, депутат Гулжан Холмуратова Оролбўйи халқаро инновация марказида бўлиб, марказда амалга оширилаётган илмий-тадқиқотлар, инновацион лойиҳалар, тажриба-синов ишлари ва келгусидаги режалар билан танишди.
Ушбу марказ Президентимизнинг 2018 йил 16 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилган. Унинг асосий мақсади Оролбўйи ҳудудида экологик инновацияларни ривожлантириш, экологик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш ва “яшил” ўсиш учун янги имкониятлар яратишдан иборат.
Марказ амалга ошираётган лойиҳалар Оролбўйидаги муаммоларга узоқ муддатли ечим топишга қаратилган. Инновацион ёндашувлар ва халқаро ҳамкорлик орқали Марказ илмий тадқиқотлар, янги технологиялар ва барқарор ривожланиш бўйича муҳим майдонга айланиб бормоқда.
Халқ вакили марказ фаолияти билан танишиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режаларни ўрганди. Шунингдек, Оролбўйида экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли турмуш сифатини ошириш ва янги инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, депутат Қонликўл туманида “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги иккинчи мавсумида етарли овоз тўплай олмаган, аммо аҳоли учун муҳим бўлган лойиҳаларни жойига чиқиб кўздан кечирди. Хусусан, “Арзимбетқум” маҳалласидаги “Қиятжарған” аҳоли пунктида табиий газ таъминоти билан боғлиқ масалалар ўрганилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди.
М.Комилова,
ЎзА