Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ғанишер Хўжаев иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, фан-техника тараққиёти жадал ривожланиши муносабати билан табиий заҳиралардан хўжалик мақсадларида тобора кўпроқ фойдаланилмоқда. Дунёда аҳоли сони йилдан-йилга ўсиб бораётгани кўпроқ миқдорда озиқ-овқат, ёқилғи, кийим-кечак ва бошқа нарсаларни ишлаб чиқаришни талаб қилмоқда. Бу эса ўрмонлар эгаллаб турган майдонларнинг жадал суръатларда қисқариши, тупроқ бузилиши, атмосферанинг азон тўсиғи камайиб кетиши, ер ҳавосининг ўртача ҳарорати ортиб бориши ва бошқа ҳолатларга сабаб бўлмоқда.
Ўрмонлар ёнғин, зараркунанда ва касалликлар, ноқонуний дарахт кесиш ва бошқа ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишларидан муҳофаза қилиб борилади. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан дарахтларни кесиш ва ёғоч сотиш қоидалари бажарилиши, шунингдек, пичан ўриш, мол боқиш ва ўрмондан фойдаланишнинг бошқа турлари қоидаларига риоя этилиши назорат қилинади. Ўрмон зараркунандалари ва касалликлари ўчоғи ўз вақтида аниқланиб, уларга қарши биологик, механик кураш олиб борилади.
Ўрмон ёнғини келиб чиқиши табиат ва инсониятга жуда катта зарар келтириши барчамизга маълум. Ўрмонда содир бўлган ёнғин ўрмондан ажралиб чиқадиган кислород миқдорининг кескин камайиши, тупроқ таркибининг бузилиши, фойдали ҳашорат ва микроорганизмларнинг йўқолиб кетишига олиб келади. Олимларнинг таъкидлашича, дунё бўйича ҳар йили ўрмонлар ёнғини оқибатида 2 миллион тоннадан ортиқ органик модда йўқ бўлиб кетади.
Ўрмонларни ёнғиндан асраш учун ўрмон хўжаликлари ва қўриқхоналаримизда кўнгилли ўт ўчириш навбатчилик гуруҳлари ташкил этилган. Улар ёнғин ўчиришга зарур мосламалар, асбоб ва ускуналар билан таъминланган, ўрмон ҳудудлари ёки уларга яқин жойларда сув ҳовузлари ташкил этилган, хўжалик ва қўриқхоналар, миллий боғ ҳудудлари сув узатиш насосларига, тракторлар ва автомашиналарга эга. Бундан ташқари, ёнғин хафсизлиги қоидалари тарғиботига оид турли плакатлар ва кўргазмали шиорлар, панномалардан фойдаланилади.
Статистик маълумотларга кўра, 99 фоиз ҳолатларда бевосита инсоният туфайли, қолган 1 фоиз ҳолатда табиий офатлар сабабли ўрмонларда ёнғин келиб чиқади.
Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон фонди ерларида 17 минг гектар майдонда ўрмон билан қопланган туранғил тўқайзорлари мавжуд. Ушбу тўқайзорлар Амударёнинг икки қирғоғини қамраб олган. Улар сувни ортиқча парланиш, қирғоқларни емирилишдан сақлайди. Шунингдек, турли ёввойи ҳайвонлар – тулки, бўри, тўнғиз, қуён ва бошқалар, тустовуқ, каклик, бедана, тўрғай, лайлак ва бошқа қушларнинг кўпайишида муҳим аҳамиятга эга бўлган маконлардан биридир. Ана шу тўқайзорларда ёнғин чиқишининг олдини олиш юзасидан ҳар йили хўжаликларда зарурий чора-тадбирлар амалга оширилади.
Ўрмонлардаги дарахтларнинг касалликларга чалиниб, қуриб қолмаслиги ёки ўз-ўзидан ёниб кетмаслиги учун ҳар йили баҳор ва кеч куз ойларида улар бутаб турилади. Касалликка чалинганлари олиб ташланиб, ўрнига янгилари экилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА