Ўзбекистон – ўрмонлар майдони кам бўлган мамлакат. Қайд этиш лозимки, ўрмонлар майдони мамлакат ҳудудининг атиги 8 фоизини ташкил қилади. Бу эса ўрмонларни барқарор бошқаришни рағбатлантириш, уларни қайта тиклаш, ўрмонлаштириш ишларини тизимли амалга оширишни тақозо этади.
Пойтахтимизда Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда ўрмонларни қайта тиклаш ҳамда углерод нейтраллигига эришиш учун ўрмон углерод кредитларидан фойдаланиш стратегиялари” мавзусида халқаро семинар ташкил этилди.
Соҳа вакиллари таъкидлаганидек, бугунги кунда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи барча давлатлар учун долзарб ва муҳим вазифа бўлиб турибди. Шунга мувофиқ, Ўзбекистонда ўрмонларни қайта тиклаш ва уларнинг углерод сақлаш имконияти глобал иқлим ўзгаришларига қарши курашишда муҳим ўрин тутади.
Ўрмонлар — табиатнинг мувозанатини сақлаш учун зарур бўлган муҳим ресурс. Улар нафақат атмосферадаги углерод газини ўзига жалб қилиш, балки биологик хилма-хилликни сақлаш ва сув ресурсларини бошқаришда ҳам муҳим роль ўйнайди.
Тадбирда ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, қайта тиклаш ҳамда “яшил майдонлар”ни кенгайтириш каби масалалар хусусида сўз юритилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TdLiG-5wsn4" title="O‘rmonlar — tabiatning muvozanatini saqlash uchun zarur bo‘lgan muhim resurs" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Тошқораева, ЎзА