Ўрмонга саёҳат қилувчилар нималарни билиши керак? (+видео)
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги томонидан аҳоли, айниқса дам олувчиларга табиат қўйнида ором олишнинг белгиланган меъёрлардан хабардор мақсадида Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигига пресс-тур ташкил этилди.
Ёзнинг иссиқ кунларида шаҳарнинг шовқинларини тарк этиб, табиат қўйнида, тоза ҳавода дам олишга нима етсин. Лекин ёввойи табиатга чиққанда заҳарли ҳашаротлардан, судралиб юрувчилардан ва бошқа йиртқич ҳайвонлардан эҳтиёт бўлган маъқул. Қолаверса, тоғу-тошларда, ўрмон ичида дам олишнинг ўз қонун-қоидалари ҳам борки, буни билмасдан катта миқдорда жаримага ҳам тортилиш мумкин.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги томонидан аҳоли, айниқса дам олувчиларга табиат қўйнида ором олишнинг белгиланган меъёрлардан хабардор мақсадида Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигига пресс-тур ташкил этилди. Тадбирда Ўрмон агентлиги масъуллари, мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

- Бизнинг ўрмон хўжалиги ерларида дам олувчилар қорақуртдан айниқса эҳтиёт бўлишлари керак, - дейди Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги бош ўрмонбеги Мўминмирза Раҳимов. - Ушбу ҳашарот одам танасидан ўтиб кетганда ҳам кучли заҳарланиши мумкин. Инсон фалаж ҳолга келиб қолади. Тез тиббий ёрдам кўрсатилмаса ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин. Шу билан бирга заҳарли илонлар ҳам бор. Илон чаққанда шу жой кесиб олиниб, заҳарли қонни суриб ташлаш керак. Ёввойи тўнғиз ва айиқлар ҳам инсонларга ҳужум қилиши мумкин. Шунинг учун ўрмон қўйнида дам олувчилар доимо ҳушёр бўлишлари талаб этилади. Дам олувчилардан яна бир илтимосимиз бор. Ўрмон ҳудудида олов ёқиб, уни тарқаб кетишининг олдини олишлари керак. Бу борада кўплаб тарғибот ишларини олиб орамиз. Отда бизга белгиланган ҳудудда доимий назорат қиламиз. Ёнғин хавфи мавсумида, яъни ўрмонда қор қатлами кетган пайтдан бошлаб барқарор ёмғирли куз об-ҳавоси келгунгача ёки қор қатлами пайдо бўлган давргача игнабаргли дарахт кўчатлари ўтқазилган жойларда, эски қуюқларда, ўрмоннинг зиён етказилган участкаларида, ўрмоннинг кесилган дарахт қолдиқлари ва тайёрланган ёғоч-тахта қолдирилган дарахт кесилаётган участкаларида, ўтлар қуриган жойларда, шунингдек дарахтлар шох-бутоқлари остида гулхан ёқиш тақиқланади. Агар шундай ҳолат бўлаётган бўлса, жарима қўлланилади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги 1947 йилда ташкил топган бўлиб, унинг умумий ер майдони қарийб 380 минг гектардан иборат. Шундан ўрмон билан қопланган майдон 80 минг гектардан ортиқ, маданий ўрмонлар қарийб 3 минг 800 гектар, туташмаган ўрмонлар қарийб 3 минг 880 гектар, кўчатхона ва ниҳолхоналар 55 гектардан кўпроқ. Хўжалик Чотқол, Пском, Сижжак, Саргардон, Хумсон, Оқбулоқ, Чакак, Бурчмулла, Қоронғутўқай, Айгаинг ва Жўракбау бўлимларидан ташкил топган. Ҳудудда Чакак, Озодбош ҳамда Юсуфхона каби кўчатхона ва ниҳолхоналар мавжуд.
Тадбир давомида иштирокчилар хўжалик томонидан барпо этилган ҳимоя ўрмонлари, манзарали дарахтзорлар, мавжуд кўчатхона ва ниҳолхоналарда сифатли уруғдан юқори навли кўчат етиштиришгача бўлган жараёнлар билан танишишди.
Кўчатхоналарда: Қрим қарағайи, арча (можжевенник), шарқ туяси, каштан, дуб, липа, ясен, клён, терак, қайроғоч, япон сафораси, грек ёнғоғи, бодом, наъматак, олма, ўрик, олхўри ва олча каби 25 хил мевали ва манзарали дарахт кўчатлари парвариш қилинади. Эътиборлиси, улар шу ерда етиштириб, кейинчалик пойтахтимиз ва республикамизнинг бошқа диққатга сазовор жойларида, йўл бўйларида ҳудудларни яшилликка буркаб, ҳавони мусаффо қилади, кўзни қувнатиб гўзал манзара ҳосил қилади.
Таъкидлаш жоизки, Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги Ғарбий Тянь-Шань ҳудудининг олтита тоғ тизмаларини қамраб олади. Ҳудудда 1 минг 800 га яқин ўсимлик тури мавжуд бўлиб, 80 дан ортиғи Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ига киритилган. Қолаверса, хўжалик ҳудудида ҳайвонот дунёсининг 230 га яқин турлари яшайди. Шундан 32 та тури Ўзбекистон ва Халқаро “Қизил китоб”ларга киритилган. Аҳамиятлиси, Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан Чотқол, Коксу, Пском ва Угом дарёлари оқиб тушиб, Чирчиқ дарёсини ҳосил қилади. Бу дарё Тошкент шаҳри ва вилоятини ичимлик суви билан таъминлайди.
Пресс-тур давомида ОАВ вакилларига ўрмон хўжаликларини юритиш тартиблари, махсус техникалар, ёнғинларнинг олдини олиш, ходимларнинг вазифалари ва қилинган ишлар билан батафсил таништирилди. Улар мутахассислардан шу ернинг ўзида қизиқтирган барча саволларига аниқ жавоб олдилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TlD8UCKj23M" title="O‘rmonga sayohat qiluvchilar nimalarni bilishi kerak?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА