Вазирлар Маҳкамаси “Ўрмон фонди ерларида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш билан боғлиқ қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, тоғ ва тоғолди ҳудудларда ноёб ҳамда йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларини кўпайтириш, ўрмон ресурсларини муҳофаза қилиш, қайта тиклаш ҳамда бу ҳудудларда экотуризмни ривожлантириш йўлга қўйилади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликларининг ўрмон фонди ерларида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида “Оролқум”, “Поп”, “Омонқўтон”, “Юқори тўпаланг” ва “Боботоғ” миллий табиат боғлари ташкил этилади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси миллий табиат боғларининг муассиси ҳисобланади.
Бир ой муддатда тегишли ҳудудлар ҳокимликлари Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда миллий табиат боғларининг қўриқхона, рекреация ва хўжалик мақсадида ҳамда бошқа тарзда фойдаланиш зоналари чегаралари белгилаб олинади.
Икки ой муддатда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги миллий табиат боғлари учун ер майдонларини ажратишга доир ҳужжатларни расмийлаштириб, кадастр ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш чораларини кўради.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига икки ой муддатда миллий табиат боғларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уни малакали мутахассислар билан таъминлаш вазифаси юклатилган.
ЎзА