Ўқувчиларнинг илк дарси академик билан учрашувдан бошланди
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳридаги 243-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган «Мустақиллик дарси» Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти, академик, сенатор Шавкат Аюпов иштирокида ўтказилди.
Тадбир давомида юртимизда ёш авлоднинг мукаммал таълим олиши, илм-фан чўққиларини эгаллаши ва халқаро майдонларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Дунёга танилган йирик олим Шавкат Аюпов ўқувчилар билан самимий мулоқот қилиб, илм-фан сирлари, математика фанининг жамият тараққиётидаги ўрни ҳамда ўзининг ҳаётий ва илмий тажрибалари билан ўртоқлашди. Академик ёшларга мустақиллик берган улкан имкониятлардан оқилона фойдаланиш, китоб ўқишга бўлган қизиқишни янада ошириш, изланишдан тўхтамаслик ва олдиларига юксак мақсадлар қўйиш бўйича қимматли тавсияларини берди.

Самимий савол-жавоблар, қизғин мулоқот ва фикр алмашувлар руҳида ўтган дарс ўқувчиларда Ватанга муҳаббат, илмга қизиқиш ва келажакка ишонч туйғуларини янада кучайтирди.
Зеро, ёш авлодга буюк мақсадлар сари йўл кўрсатадиган, уларни илмга ва изланишга ундайдиган бундай учрашувлар оддий дарсдан кўра кенгроқ маънога эга. Бугун мактаб партасида ўтирган ўқувчи эртага юртимиз илм-фани, таълими ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши мумкин. Бу йўлда эса билим, меҳнат ва юксак мақсадлар энг ишончли таянчдир.
Н.Раҳмонова, ЎзА