Қизилтепа туманидаги 18-умумтаълим мактабига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” қўшма лойиҳаси доирасида замонавий компьютерлар жамланмаси, интерактив доска ҳамда қўшимча қурилмалар топширилди.
– Ўқувчиларимиз жуда ҳам хурсанд. Рақамли смарт доска фарзандларимизга ахборотни янада қизиқарли ва интерактив тарзда тақдим этиш имконини беради, – дейди мактаб директори Фахриддин Жамолов. – Бундан ташқари, мультимедиа дарсларини ҳам яратиши мумкин. Интернет тармоғига уланган компьютерлар орқали эса ўқувчиларимиз фойдали ресурслардан самарали фойдаланиш имконига эга бўлишди.
Лойиҳа Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК Халқаро тараққиёт фонди жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири