
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Энг яхши чет тилларини ўргатувчи мактаб» мукофоти танловнинг республика босқичи бўлиб ўтди.
“Smart Assessment” илғор тест марказида ташкил этилган танловда 12 вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан сараланган жами 70 нафар мактаб ўқувчилари (ҳар бир жамоада 5 нафардан) ва мураббийлардан 14 нафари иштирок этди.
– Танловнинг барча иштирокчилари ўз ўқитувчилари билан биргаликда икки ҳафта давомида Буюк Британияга бориб, ўзлари ўрганаётган давлат билан танишиш, малакасини ошириш имкониятига эга бўладилар, – дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирнинг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев.
Маълумот учун, танловнинг туман босқичида 8065 та мактаб иштирок этиб, жами ўқувчилар сони 40325 нафарни ташкил этган. Инглиз тили фанидан жами 37075, немис тили фанидан 1800 нафар, қолганлари эса француз тили фанидан иштирок этган.
– Туман ва вилоят босқичларида мактаб ўқувчилари инглиз, француз ва немис тиллари бўйича қатнашди. Инглиз тилида баҳслашаётган иштирокчилар финал босқичига йўл олишди. Ҳар йили ўрганиладиган тиллар сони ортиб боради. Олимпиадамизнинг умумий мукофот жамғармаси 54 миллиард сўмни ташкил этади.
Фарзандларимиз рағбатлантирилиши, уларнинг билими алоҳида эътироф этилиши учун давлат томонидан шундай катта маблағ ажратилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори Санжар Обидов.
Шунингдек, иштирокчиларнинг кайфиятини кўтаринки руҳда сақлаш ва ижобий муҳит яратиш мақсадида Тошкент шаҳрида маданий-маърифий ва кўнгилочар саёҳатлар ташкил этилган.
Танлов натижаларига кўра,
1-ўринни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 97-мактаб жамоаси, 2-ўринни Бухоро шаҳрининг 40-мактаб жамоаси эгаллади.
3-ўрин Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги 5-мактаб жамоасига насиб қилди.
— Бундай тадбирлар мамлакатимизда ёшлар орасида илм-фанни оммалаштириш, билимли ёшларни рағбатлантириш учун зарур. Кўриб турганимиздек, катта ресурслар ажратилган ва гап нафақат молия ҳақида, балки инсоний ресурслар ва инфратузилма ҳақида ҳам.
Маълумот учун, 1-ўринга 500.000.000 сўм, 2-ўринга — 400.000.000 сўм, 3-ўринга — 300.000.000 сўм тақдим этилди.
Ишончим комилки, ёшларимиз юксак марраларни забт этиб, ўз ақл-заковати, кашфиётлари билан лол қолдирадилар!
- Биз бундан буён ҳам ёшларнинг ўртача баллини ошириш ишларида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз! – дейди «Зиё форум» илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш фонди директори Бобур Фармонов.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан «Зиё форум» илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш фонди кўмагида ташкил этилди.
Мафтуна Каримова, ЎзА