Президент Ислом Каримов Корея Республикаси саноат, савдо ва табиий ресурслар вазирининг биринчи ўринбосари Ли Хван Сопни қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 5 ноябрь куни Оқсаройда Корея Республикаси саноат, савдо ва табиий ресурслар вазирининг биринчи ўринбосари Ли Хван Сопни қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 5 ноябрь куни Оқсаройда Корея Республикаси саноат, савдо ва табиий ресурслар вазирининг биринчи ўринбосари Ли Хван Сопни қабул қилди.Давлатимиз раҳбари Жанубий Корея Ўзбекистоннинг асосий инвестицион ва технологик ҳамкорларидан эканини таъкидлади. Жанубий Корея бизнесининг фаол иштирокида иқтисодиётимизнинг турли соҳаларида кўплаб стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Сурғил кони негизида яқинда бунёд этилган қиймати қарийб 4 миллиард долларга тенг Устюрт газ-кимё мажмуаси ушбу ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
Учрашувда Жанубий Кореянинг нуфузли делегацияси Тошкентда ўтаётган Халқаро инвестициявий форумда иштирок этиши мамлакатларимиз ўртасида стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва олий даражадаги музокаралар чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Суҳбат чоғида жанубий кореялик инвесторларнинг мамлакатимиздаги давлат корхоналари ва активларини хусусийлаштириш жараёнида иштироки, етакчи саноат ва инфратузилма тармоқларида янги инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Томонлар Халқаро инвестициявий форум доирасида жанубий кореялик ҳамкорлар билан нефть-газ, кимё, электротехника, машинасозлик ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва инфратузилмавий тармоқлардаги давлат активларини сотиб олиш бўйича умумий қиймати 220 миллион доллардан зиёд 24 битим ва меморандум имзоланишини юксак баҳолади.
Ли Хван Соп Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Корея Республикаси Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни, аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга устувор аҳамият беришини таъкидлади.