2024 – 2025 йилларда Оққўрғон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирларини амалга ошириш юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Айтиш мумкин, Президентимиз томонидан ҳудудлар учун барча имкониятлар яратилгани, лекин, Тошкент вилоятининг Паркент, Янгийўл, Чиноз ва Оққўрғон туманлари ривожланишдан орқада экани таъкидланган эди. Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг Ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар натижасида бир қатор таклифлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессияда вилоят, туман сектор раҳбарлари, бошқарма ва ташкилот раҳбарлари ҳамда туман фаоллари иштирокида мазкур қарор лойиҳалари муҳокама қилинди. Оққўрғон туманида 2024 – 2025 йилларда 104 та лойиҳа бўйича жами 3,4 триллион сўм маблағларни ўзлаштириш белгиланди. Шунингдек, жорий йил якунига қадар саноат ишлаб чиқариш 106 фоизга ўсишини таъминлаш, 4 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилмоқда.
Иккинчи ярим йилликда эса, 70,9 миллион долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш лозим. 2025 йилда бу кўрсаткич 110,1 миллион долларни ташкил этиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида йил якунига қадар, 8,7 минг, хизмат кўрсатишда 100 дан зиёд иш ўринлари яратиш режалаштирилди. Шунингдек, ҳудудда 119 километр умум фойдаланиш ва ички йўллар таъмирланади. 73,1 километр ичимлик сув тармоқлари ва 15 та сув иншоотини қуриш ишлари амалга оширилади. Шу билан бирга, 44 миллиард сўм маблағ ҳисобига электр таъминоти ҳам яхшиланади.
Шунингдек, туманда 29 та ижтимоий ва бошқа соҳа объектларни қуриш, таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш бўйича 117,4 миллиард сўмлик ишлар бажарилиши айтиб ўтилди.
А.Мусаев,ЎзА.