Оқолтинликлар қишни қарши олишга тайёрми?
Қиш — синовли мавсум. Унга кўрилган пухта тайёргарлик аҳолининг турмуш сифатини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Демак, бу жараёнда ҳеч бир соҳада бепарволикка йўл қўйиб бўлмайди.
Халқ депутатлари Оқолтин туман Кенгашининг ўн олтинчи сессиясида айнан шу масала кун тартибига қўйилди. Йиғилишда туман мутасаддилари, хизмат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияда таъкидлаб ўтилганидек, электр таъминоти йўналишида 55,5 километр ҳаво тармоқлари ва 30 та трансформатор мукаммал таъмирланди. Шу билан бирга, 9,4 километр электр тармоқлари янгиланиб, 250 та устун ва 6 та трансформатор замонавий талаблар асосида модернизация қилинди.

Сув таъминоти бўйича Аҳиллик, Бўстон, Янги ҳаёт, Андижон ва Кўркам диёр маҳаллаларида энергия тежавчи насослар ўрнатилиб, ичимлик суви босими оширилди. Газ соҳасида эса 8,2 километр қувурлар тозаланди, 29 та газ тақсимлаш пункти кўрикдан ўтказилди.

Шунингдек, уй-жой коммунал хизматлари соҳасида 9 та кўп қаватли уй таъмирланди, 60 та уйда сервис хизматлари амалга оширилди.

Сессияда депутатлар куз-қиш мавсумига тайёргарлик билан бирга, маҳаллий бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, Президентнинг 2025 йил 6 мартдаги қарори ижроси, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, таълим тизимида шаффофлик ва адолатни таъминлаш масалаларини ҳам атрофлича муҳокама қилишди.
Ғулом Примов, ЎзА