Онлайн фирибгарликларга қарши курашиш чоралари кучайтирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.
Дастлаб ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
— Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча соҳаларига чуқур кириб бораётган бир пайтда кибержиноятлар ҳам янги кўринишларда намоён бўлмоқда, — деди депутат Ж.Абдуллаев. — Онлайн фирибгарлик, банк карталаридан маблағларни талон-торож қилиш, шахсий маълумотларнинг ноқонуний тарқатилиши, сохта рақамли контент (deepfake), молиявий пирамидалар каби ҳуқуқбузарликлар фуқароларнинг мол-мулки, шахсий маълумотлари ва ахборот хавфсизлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Шу мақсадда қонун лойиҳаси билан Ички ишлар вазирлиги ушбу соҳадаги ваколатли давлат органи сифатида белгиланиб, кибержиноятларга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини мувофиқлаштириш, профилактика ишларини ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларни фош этиш ҳамда ваколатли идоралар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш бўйича аниқ ваколатларга эга бўлади.

Бу борада банклар, тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари ва интернет-провайдерларининг масъулияти ҳам кучайтирилмоқда. Улар шубҳали операцияларни ўз вақтида аниқлаш, киберхавфлар ҳақида ваколатли органларга зудлик билан ахборот тақдим этиш, рақамли далилларни сақлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча мажбуриятларни бажаради.
Қонун лойиҳасида кибержиноятлардан жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш масаласи ҳам эътиборга олинган. Яъни, уларни реабилитация қилиш, ҳуқуқий, психологик ва заруратга кўра тиббий ёрдам кўрсатиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда рақамли ва молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, молиявий пирамида кўринишидаги фирибгарликларни барвақт аниқлаш, улар тарқалишининг олдини олиш, аҳолини кибертаҳдидлар ҳақида тезкор огоҳлантириш, шунингдек, жамиятда кибермаданият ва кибергигиена кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилувчи ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланмоқда.
Муҳокамаларда бир қатор саволлар ўртага ташланиб, тегишли жавоблар қайтарилди. Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши кибержиноятларга қарши курашишнинг замонавий ва самарали ҳуқуқий тизимини шакллантириш, шахс, жамият ва давлатнинг кибермакондаги ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, фуқароларнинг рақамли хизматлардан хавфсиз фойдаланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Қонун лойиҳасининг долзарблиги эътироф этилиб, иккинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
М.Комилова,
ЎзА