Бугунги кунда аҳоли орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 йилдан бошлаб барча ҳудудда 45-65 ёшли аёллар ўртасида кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш бўйича скрининг бошланган.
Тўрт йил давомида “Онко-назорат” хоналарида ва маммографик скрининг ёрдамида жами 2 миллион 179 минг 928 та бемор кўрикдан ўтказилган. Жами 6 минг 117 нафар кўкрак бези саратони беморлари аниқланган бўлса, уларнинг 4 минг 404 нафари касалликнинг эрта I ва II босқичларидаги беморлардир.
Шунингдек, 1 минг 394 нафар беморда аъзо сақловчи жарроҳлик амалиётлари бажарилган. Ҳозирги кунда республикада ахборот тизимига интеграция қилинган 16 та мобиль маммограф ва 16 та стационар маммографик кабинетлар аҳолига малакали хизмат кўрсатиб келмоқда.

Бу ҳақда парламент қуйи палатасининг мажлисида айтиб ўтилди. Унда Ссоғлиқни сақлаш вазири А.Худояровга юборилган “Аҳоли орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида”ги Қонунчилик палатасининг парламент сўровига келган жавоб кўриб чиқилди.
Парламент сўровига келган жавобда келтирилишича, республиканинг барча 16 та онкологик муассасаси тўла таъмирдан чиқарилган. Мавжуд 5 та нур терапия ускуналари сони 51 тага етказилган. Республикада 100 та амбулатор, 650 ўринли стационар хизматига эга энг замонавий янги онкология маркази биноси қурилиб, ушбу масканда аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, давлат-хусусий шерикчилик асосида онкологик беморларга ПЭТ/КТ текширишлари давлат маблағлари ҳисобидан амалга ошириш йўлга қўйилди. Барча онкология филиалларида иммуногистокимё лабораториялари ташкил этилди.
Вазир жавобига кўра, бирламчи бўғинга малакали онкологларни тайёрлаш мақсадида 2023-2024 ўқув йилида 2 йиллик клиник ординатура йўналиши бўйича 96 та ўрин ажратилган. Республика онкология марказида 37 та клиник ординатор таҳсил олмоқда. Шунингдек, Фарғона, Хоразм, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги ҳудудлараро хоспислар фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Мажлисда Спикер Н.Исмоилов парламент сўровига етарли жавоб берилмагани, хусусан, сўровда бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида аҳоли орасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш, бирламчи ва иккиламчи профилактика ишларини ташкил этиш борасидаги ишларни яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар сўралгани, аммо бу борада аниқ маълумотлар берилмагани, ҳудудлараро хоспислар бўйича ҳам етарлича ахборот келтирилмаганини танқид қилди.
Муҳокамалардан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА