Юридик клиника
– Савол: Ёш болали аёлларга болани овқатлантириш учун танаффус бериладими?
– Жавоб: Ҳа, берилади.
Меҳнат кодексининг 236-моддасига асосан икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта, ҳар бири ўттиз дақиқадан кам бўлмаган муддат билан берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади.
Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади.
Боласи бор аёлнинг хоҳишига кўра, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг боши ёки охирига кўчирилиб, иш куни шунга яраша қисқартирилиши мумкин.
Бу танаффусларнинг аниқ муддати ва уларни бериш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгилаб қўйилади.
Ушбу материал ТДЮУнинг “Юридик клиника”си талабалари томонидан ўқитувчилар назорати остида тайёрланди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА