Машҳур тур-блогер, дунёнинг 80 дан зиёд мамлакатини кезган Носир Ал-Ниъманий ижодий сафар билан Ўзбекистонга келди.
Мамлакатимизнинг Ўмондаги элчихонаси томонидан уюштирилган сафар давомида у Тошкент шаҳри, Бухоро, Самарқанд, Навоий вилоятларида бўлиб, мамлакатимизнинг маданий мероси, тарихий обидалари, миллий анъаналари ва халқимизнинг самимий меҳмондўстлиги ҳақида туркум видео материаллар тайёрлади.
– Сўлим тоғ бағрида жойлашган замонавий тоғ-чанғи курорти – Амирсой оила, дўст-биродар ёки ҳамкорлар билан мароқли ҳордиқ чиқарадиган маскан экан, – дейди ўмонлик сайёҳ ўз репортажида. – Юқори даражадаги инфратузилма, халқаро стандартга жавоб берадиган трасса дунёнинг турли бурчакларидан мазкур қишки спорт тури ишқибозларини жалб эта олади. Мажмуа яқин йиллар ичида минтақа қишки туризм марказига айланиши шубҳасиз.
Носир Ал-Ниъманий Ўмон фуқаролари учун юртимизда 30 кун визасиз юриш тартиби жорий этилганидан мамнунлигини изҳор қилди. Марказий Осиё юрагида жойлашган диёримизнинг бой сайёҳлик салоҳияти, маданий мероси, ноёб табиати ва географик хилма-хиллигини эътироф этди. Бундан ташқари икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очилаётганига ҳам урғу берди.
Ўмонлик блогер ўзи тасвирга туширган видео лавҳаларни “Instagram”, “Facebook”, “TikTok” ва “YouTube” платформаларига жойлаштирди.
Энди юртимиз сайёҳлик салоҳияти ва тарихий меросига доир маълумот олувчилар сони миллионлаб киши ҳисобига кўпаяди. Ўзбекистон туризм салоҳияти тарғиботини кучайтириш, Ўмон Султонлиги ва бошқа араб мамлакатларидан юртимизга сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА