Ўмонда номаълум снаряд нефть танкерини шикастлади
Ўмон қирғоғи яқинида содир бўлган ҳужум оқибатида нефть танкери жиддий шикастланиб, ҳаракатланиш қобилиятини йўқотди. Бу ҳақда "The New Indian Express" хабар бермоқда.
Буюк Британия Қироллик денгиз флоти қошидаги Денгиз савдо амалиётлари маркази (UKMTO) ҳодиса Аш-Шишоҳ аҳоли манзилидан 9 денгиз мили масофада, шимоли-шарқий йўналишда юз берганига эътибор қаратган.
Кема мотори зарарлангани бевосита танкер ҳаракатланишига тўсқинлик қилмоқда. Капитан берган маълумотга кўра, зарба номаълум снаряд билан берилган. Бахтли тасодиф туфайли экипаж аъзоларидан ҳеч ким жабрланмаган. Улар тўлиқ хавфсизликда. Шунингдек, атроф-муҳитга ёнилғи ёки чиқинди сизгани тўғрисида ҳам маълумот берилмаган.
Ҳозирча ҳужумга учраган кеманинг номи ва қайси портга тегишлилиги билан боғлиқ тафсилот ошкор қилинмаяпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА