Оммавий спорт мусобақалари – юқори натижалар гарови
Мамлакатимизда оммавий спорт мусобақаларининг тизимли тарзда йўлга қўйилиши аҳолининг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишига сабаб бўлмоқдаки, бу, оилалар, маҳаллалар, ташкилот ва корхоналарда саломатликка эътиборнинг ошишига, соғлом тафаккур, келажакка ишонч руҳининг кучайишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг 7 апрель куни давлатимиз раҳбари раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида спорт инсон саломатлиги ва юқори натижалар гарови бўлиши лозимлиги таъкидланган эди.
Дарҳақиқат, шундай. Бугун юртимизда жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, унинг қамровини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар айни мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли.
Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” университетида профессор-ўқитувчилар, талабалар, ишчи-хизматчилар ўртасида мини-футбол, волейбол, стол тенниси ва шашка бўйича ташкил этилган “Ректор кубоги” мусобақалари спорт орқали одамларнинг кайфиятида кўтаринкилик, ҳаракатида шижоат жўш уришини яна бир карра ёрқин ифода этди.
“Ректор кубоги” мусобақалари дастуридан ўрин олган мини футбол, волейбол, стол тенниси, шашка мусобақалари нафақат таълим муассасаси, балки қўшни маҳалла ва ташкилот ходимлари учун ҳам чинакам спорт байрами кўринишини олди.
Мусобақаларда 150 нафарга яқин спортсеварлар иштирок этди. Ҳар бир йўналиш бўйича ўтказилган мусобақаларда 6 тадан жамоа ғолиблик учун кураш олиб борди.
[gallery-30337]
Ўтказилган баҳслар сарҳисобига кўра, мини футболда совринли ўринлар “Ўқув ишлари”, “Ректор” ва “Ёшлар” жамоаларига насиб этган бўлса, волейбол ўйинларида “Молия”, “Ёшлар” ҳамда “Илғор тадқиқотлар” жамоалари шоҳсупадан жой эгаллади.
Шунингдек, стол тенниси ва шашка мусобақаларида Азиза Аҳмедова, Севара Бегматова, Эъзоза Нурмуродова, Шоира Раҳмонова, Тўрақул Раҳмонов, Ҳасанбой Маҳмудов сингари бир қатор иштирокчилар совринли ўринларни қўлга киритди.
“Бир кун спорт билан” шиори остида ўтган “Ректор кубоги” мусобақалари якунида ғолиб ва совриндорлар, ўз иқтидорини намойиш этганлар, мусобақаларда ташаббускорлик кўрсатганлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Т.Рўзиев, ЎзА