Оммавий спорт ҳаракатини кучайтириш масалалари таҳлил қилинди
Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг ёйишда ёшлар ва хотин-қизларни спортга жалб қилиш тизимини кенгайтириш, аҳоли ўртасида оммавий спорт ҳаракатини самарали ташкил этиш муҳим омил саналади.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунда мазкур йўналишдаги кенг кўламли ишларни амалга оширишда юртимизда фаолият юритаётган идора ва ташкилотлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган.

Спорт вазирлигида ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этишга бағишланган Республика штабининг навбатдаги йиғилишида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни спортга кенг жалб қилишнинг самарали тизимини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда асосий эътибор ҳар бир маҳаллада спорт тадбирларини тизимли ташкил этиш, идора ва ташкилотлар кесимида спорт инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича "маҳаллабай" ишлаш механизмини кучайтириш масалаларига қаратилди.

Муҳокамалар жараёнида дахлдор ташкилот, вазирлик ва идораларнинг тегишли мутахассисларига ушбу йўналишдаги камчиликларни бартараф этиш ва ижрони сифатли таъминлаш масаласида таклифлар билдирилди. Зарур тавсиялар тақдим этилди.
Т.Рўзиев, ЎзА