Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун суд жараёнларини ёритиш бўйича тренинг ўтказилди
18-19 май кунлари Нукус шаҳрида журналист, блогер ва судлар матбуот хизмати ходимлари учун оммавий ахборот воситаларида суд жараёнлари ва ҳуқуқий масалаларни тўғри ёритиш мавзусига бағишланган икки кунлик тренинг бўлиб ўтди.
Тадбир Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди.
Дастур журналист ва блогерларнинг судлар фаолияти ҳамда суд жараёнларини тўғри, аниқ ва масъулият билан ёритиш борасидаги кўникмаларини оширишга қаратилди.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, журналистларнинг суд мажлисларида иштирок этиб, ушбу жараённи холис ёритиши суд тизими шаффофлигини ошириш, аҳолига холис ахборот етказиш ҳамда одил судлов ва айбсизлик презумпцияси тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Иштирокчилар Ўзбекистон суд тизимининг тузилиши, суд фаолиятини ёритиш ва ҳуқуқий журналистика ўртасидаги фарқ, шунингдек жамоатчилик манфаатлари билан суд жараёнларида иштирок этаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ўртасида мувозанатни сақлаш масалаларини кўриб чиқди.
Шунингдек, сессиялар давомида журналистиканинг ахлоқий ва ҳуқуқий жиҳатлари, шу жумладан шахсий маълумотлар дахлсизлиги, суд ҳокимиятини ҳурмат қилиш, туҳмат ва текширилмаган ахборот тарқатишнинг ҳуқуқий оқибатлари муҳокама қилинди. Болгариялик халқаро экспертлар суд ҳужжатлари билан ишлаш, далилларни текшириш ва мураккаб ҳуқуқий мавзуларни кенг аудиторияга тушунарли тилда етказиш усуллари тўғрисида маълумот берди.

Тренингнинг иккинчи босқичи 21–22 май кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
ЎзА