Омбудсманга ёлғон ахборот берган мансабдорларга жавобгарлик белгиланади
Қонунчилик палатаси мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг Омбудсман фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган қонунчилик таклифи кўриб чиқилди.
Ҳужжат 2024 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун нормалари ижросини амалда самарали таъминлашга қаратилган.

Мазкур қонун билан Омбудсманга қўшимча ваколатлар ва таъсир чоралари берилган эди. Жумладан, Омбудсман инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўймаслик ҳақида ташкилотларга ва мансабдор шахсларга огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома киритиш ҳуқуқига эга. Шу муносабат билан Омбудсман институтининг ушбу янги ваколат ва таъсир механизмларини амалда самарали қўллаш учун ҳуқуқий асослар яратилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197/4-моддасига Омбудсманнинг тегишли таъсир чоралари киритилмоқда.

Яъни, мансабдор шахслар томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаслик, унинг ишига тўсқинлик қилиш, унга била туриб ёлғон ахборот бериш, худди шунингдек, мансабдор шахслар томонидан мурожаатларни, хулосаларни, тақдимномаларни, илтимосномаларни, огоҳлантириш ва талабномаларни кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб қасддан ишончсиз маълумотларни тақдим этганлик учун жавобгарлик аниқ белгиланмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур ўзгартиришлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахслар масъулиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Мажлисда ушбу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА