Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда жамоатчилик гуруҳлари томонидан 2025 йилнинг июнь ойида Қуйи Чирчиқ ва Чиноз туманлари ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида мониторинг ўтказилган.
Ташриф давомида аниқланган камчиликлар юзасидан Ички ишлар вазирлигига Омбудсман тақдимномаси киритилган.
Омбудсманга маълум қилинишича, мониторингда аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, Қуйи Чирчиқ тумани ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонасига вентиляция тизими ва радиоэшиттириш қурилмаси ўрнатилди. Камералар керакли анжомлар билан жиҳозланди. Сайр қилиш ҳовлиси ва санитария тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, гигиена талабларига мувофиқлаштирилди.
Шу билан бирга, шахсларни сақлашнинг санитария-гигиена қоидалари талабларига зид бўлган Чиноз, Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари фаолияти Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан тугатилди.
Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан инсон ҳуқуқлари таъминланишига оид мониторинглар давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА