Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га тушаётган мурожаатлар қандай ҳал этилмоқда? Бу саволга Омбудсман ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова жавоб берди:
– 2024 йил 9 ойи давомида Омбудсманга фуқаролар, хорижий давлатлар фуқаролари ва Омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 14 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди.
Омбудсман ва унинг котибияти ходимлари томонидан республика бўйлаб 75 маротаба сайёр қабул ташкил этилди.
Энг кўп мурожаатлар Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келиб тушган бўлса, энг кам мурожаатлар Навоий, Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келди.
Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат ташкилотлари ёки мансабдор шахсларга 103 таъсир чораси шаклидаги ҳужжатлар киритилди.
Фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундирилган ҳамда ундириш белгиланган жами маблағлар 2 миллиард 414 миллион сўмдан ортиқни ташкил этди. Шундан, 1 миллиард 61 миллион сўми фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оиддир.
Фуқароларнинг қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида 770 миллион 275 минг сўмдан ортиқ маблағ фуқаролар фойдасига ундирилди.
Омбудсман сўровига асосан, хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 286 миллион 477 минг сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланди. Алимент тўлашдан бош тортган 8 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 5 ҳолатда эса жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, 18,4 миллион сўм миқдорида коммунал қарздорликнинг сўндирилишида, 51 миллион сўмлик турли жарималарнинг бекор қилинишида кўмаклашилди. 5 нафар фуқаро турар жойга нисбатан хусусийлаштириш иштирокчилари, деб топилди. 2 нафар мурожаатчининг мулкига ва банк картасига қўйилган тақиқ ечилди.
Фуқаролар мурожаатига асосан 2 та ноқонуний қурилиш ишлари тўхтатилиши таъминланди. 50 нафарга яқин фуқаронинг иш жойи сақлаб қолинди ва ишга тикланди, 5 нафар фуқаро бандлигига кўмаклашилди.
Омбудсман тақдимномасига кўра, меҳнат қонунчилигини бузгани сабабли 7 нафар масъул эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 4 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. 9 нафарига эса “ҳайфсан” берилди. 5 ҳолатда иш берувчининг ходимга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари бартараф этилди.
13 нафар фуқаро “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилди. Соғлиқни сақлаш йўналишида 20 нафар фуқарога тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун йўлланма берилиши, фуқароларнинг даволанишлари учун 70,3 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилишида кўмаклашилди.
Омбудсман хулосасига кўра, 2 ҳолатда оилавий (маиший) зўравонлик ҳамда эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш бўйича жиноят иш қўзғатилди.
Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида прокуратура органларига қилинган сўровларга кўра, давлат ташкилотларида ишловчи 3 нафар масъулга жиноят иши қўзғатилган. 28 нафарига интизомий жазо чоралари қўлланилган, шундан 7 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 4 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.
Омбудсман сўровига мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг 3 нафарига жиноят иши қўзғатилди. 10 нафар масъул ўз вазифасини лозим даражада бажармагани учун интизомий жавобгарликка тортилди ва 3 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Экологик ҳуқуқ бўйича келиб тушган мурожаатларни ўрганиш давомида 2 ҳолатда ҳуқуқбузарлар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА