Олтмиш йиллик мактаб: архитектура-қурилиш институтидан техника университетигача
Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат техника университетида мазкур олий таълим муассасаси ташкил этилганининг 60 йиллиги муносабати билан маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва олий ўқув юртлари масъуллари, университетнинг собиқ битирувчилари ва айни пайтда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари дастлаб илм даргоҳи тарихи акс этган кўргазмалар билан танишди. Ҳар бир факультет, кафедра фаолияти, ўтган даврда эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Университет тарихи нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда малакали меъмор ва қурувчи муҳандисларга кескин эҳтиёж сезилган 1966 йилга бориб тақалади. Ўша йили апрель ойида Тошкент зилзиласи содир бўлгач, ҳукумат қарори билан Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ташкил этилади ва битта факультет, еттита кафедра очилиб, 525 нафар талаба билан фаолият бошланади. Институтга Самарқанд шаҳридаги 19-интернат бинолари ажратилади. Кейинчалик илм даргоҳи ўз ўқув корпуслари, талабалар турар жойлари, спорт иншоотларига эга бўлди, факультетлар сони 4 тага, кафедралар 25 тага етди.

– Сўнгги тўрт йилда олийгоҳ тарихида икки муҳим бурилиш юз берди, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат техника университети ректори Чидем Туркйилмаз. – 2022 йил 8 ноябрда Президент қарори билан институтга университет мақоми берилди. Давлат раҳбарининг шу йил 26 майдаги қарор билан эса унинг негизида Самарқанд давлат техника университети ташкил этилди. Муассасада мавжуд архитектура, қурилиш, дизайн ва шаҳарсозлик мактаблари қаторида энергетика, механика, металлургия, кимё муҳандислиги, мехатроника ва робототехника, компьютер инжиниринги йўналишлари кенгайтирилмоқда. 2027-2028 ўқув йилидан интеллектуал сув технологиялари илғор муҳандислик мактабини йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Айни пайтда университетда 9 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Қарийб 28 минг квадрат метрлик янги ўқув биносида 4300 ўринга мўлжалланган ўқув хоналар, 350 ўринли кутубхона ва 20 дан ортиқ замонавий лаборатория фаолият юритмоқда. Халқаро алоқаларни ривожлантириб, бугунги кунда 22 давлат олий таълим муассасалари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қиляпмиз. Хитойнинг қурилиш сифатини назорат қилиш ташкилоти билан 4 миллион долларлик лойиҳа доирасида университет ҳузурида илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.



Тадбир қатнашчилари университет жамоасини қутлуғ сана билан табриклаб, мазкур таълим даргоҳининг мамлакатимиз қурилиш ва бошқа соҳалари учун малакали кадрлар тайёрлашдаги ролини эътироф этди. Ўз навбатида университет раҳбарияти томонидан ушбу даргоҳда фаолият кўрсатиб, унинг нуфузини оширишга ҳисса қўшган раҳбарлар, профессор-ўқитувчилар ва собиқ битирувчиларга миннатдорлик рамзи сифатида эсдалик совғалари топширилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири