Андижон вилоятида “Фуқаролик жамиятида иштирок этиш орқали ҳудудларда гендер ислоҳотларга кўмаклашиш” лойиҳаси якунларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Европа Иттифоқи ҳамда Немис Халқ Университетлари Ассоциацияси (DVV International) кўмагида “Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази томонидан амалга оширилган мазкур лойиҳа Андижон, Самарқанд, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Жумладан, лойиҳа доирасида Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги Ижтимоият ва Бўстон маҳаллаларида истиқомат қилувчи, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 180 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилди. Улар қандолатчилик, тикувчилик, компьютер саводхонлиги, сартарошлик ва бошқа йўналишларда билим ва кўникмаларга эга бўлди.
Айрим иштирокчиларнинг тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, уларнинг бизнес лойиҳалари амалга оширилиши учун молиявий ва моддий ёрдам кўрсатилди.
Тадбирда “Сабр” маркази раҳбари Мавлуда Ширинова, халқаро эксперт Елена Годфри, лойиҳанинг вилоят тренери Наргиза Мирзалимова, маҳалла фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
– Олтинкўл туманида амалга оширилган ишлар натижасида 180 нафар хотин-қиз касб эгасига айланди, – дейди Мавлуда Ширинова. – Уларнинг айримлари ўз маҳаллаларида тадбиркорликни бошлади. Масалан, 10 нафар аёлга турли жиҳозлар олиб берилди, шу орқали даромад манбаига эга бўлди.
Ижтимоият маҳалласида яшовчи Муқаддамхон Назирова лойиҳа доирасида чеварлик курсини тамомлаб, маҳаллада тикув цехи ташкил этди. У банкдан олинган кредит ҳисобига қўшимча ускуналар харид қилди ва ҳозирда бир нечта ишсиз хотин-қизни иш билан таъминлаган.
[gallery-25223]
– Бу лойиҳа мен каби аёллар учун янги имконият эшикларини очди, – дейди у. – Фақат касб эмас, балки иш ўрни яратиш, шогирд тайёрлаш имконига ҳам эга бўлдик.
Тадбир якунида курсларни муваффақиятли тамомлаган ва ўз бизнесини бошламоқчи бўлган бир гуруҳ аёлларга тикув машиналари топширилди. Шунингдек, жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Бўстон маҳалласига электромотороллер, Ижтимоият маҳалласига эса қандолатчилик фаолияти учун зарур жиҳозлар берилди. Умумий қўллаб-қувватлаш маблағи 15 миллион сўмни ташкил этди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари