Олтиариқ узумзори — Сайхунободда намунага айланди
Ҳудудларнинг шаҳарсозлик қиёфаси, экологик ҳолати ва табиий муҳити жамият тараққиёти ҳамда аҳоли турмуш даражасини белгилаб берувчи муҳим омиллардан ҳисобланади. Сайхунобод туманида бу борада олиб борилаётган ишлар, хусусан, туман марказидаги уч маҳаллани боғлаб турувчи “Наврўз” кўчасини узумзорга айлантириш лойиҳаси катта аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ташаббус Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “узумзор кўча” тажрибаси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Кенг қамровли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари доирасида “Наврўз” кўчаси янги қиёфа касб этмоқда.
– Фуқаролар учун экологик тоза ва файзли муҳит яратиш — асосий мақсадимиз, – дейди туман ҳокими Комилжон Муллажанов. – Бу лойиҳани амалга оширишда тажрибали деҳқонлар, фаол фуқаролар билан ҳамкорлик қиляпмиз.

Айни пайтда кўча бўйлаб махсус шпаллар ўрнатилиб, узум етиштириш учун зарур инфратузилма яратилди. “Ҳусайни” ва “Ризамата” навли узум кўчатлари Олтиариқ туманидаги ихтисослашган кўчатхоналардан олиб келинмоқда. Бу ташаббус нафақат муҳитни ободонлаштиради, балки аҳоли дастурхонига ҳам барака олиб киради.

– Олтиариқдаги узумзор кўчалар ижтимоий тармоқларда қалбимизни қувонтирган эди, – дейди маҳалла фаоли, меҳнат фахрийси Қодирқул бобо. – Энди шундай гўзал манзаралар Сайхунободда ҳам пайдо бўлаётганидан хурсандмиз. Бу — нафақат кўркамлик, балки соя, салқинлик ва ҳар бир оила учун озуқа манбаи ҳамдир.
Лойиҳа доирасида йўл ёқаларига манзарали гуллар, чинор дарахтлари экиш, пиёдалар йўлаклари қуриш, ўриндиқлар, чиқинди қутилари, тунги ёритиш чироқлари ва кузатув камералари ўрнатиш ишлари ҳам кўзда тутилган. Бу эса ободонлаштиришга комплекс ёндашилаётганидан далолат беради.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай лойиҳаларни амалга оширишда фақат дарахт экиш билан чекланмасдан, агротехник талабларга риоя этиш, тупроқ ва иқлим шароитини ҳисобга олиш муҳим. Шу боис ишларни агрономик тавсиялар асосида ташкил этишга эътибор қаратилмоқда.
“Наврўз” кўчасидаги мазкур ташаббус экологик муҳитни яхшилаш, туманнинг умумий қиёфасини ўзгартириш, туризм ва инвестициявий жозибадорликни оширишга ҳам хизмат қилади.

Маълумки, бугунги кунда шаҳарсозликда “яшил инфратузилма” концепциясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга кўра, шаҳар ва туманлардаги йўллар, бўш ерлар ҳамда жамоат жойлари кўкаламзорлаштирилиши, аҳоли учун қулай муҳит яратилиши лозим. Сайхунободдаги “Наврўз” кўчаси лойиҳаси ана шу замонавий ва барқарор ривожланиш ғояларига йўл очади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири