Марказий Осиё автомобиль саноатида янгиликлар кўп. Шу кунларда соҳага оид яна бир муҳим воқеага гувоҳ бўлдик. Жаҳон автосаноатида ўзига хос тарихий юксак мероси ва замонавий инновациялари билан танилган “Porsche” бренди илк бор минтақада халқаро “Porsche Experience” дастурини ишга туширди.
Тадбир Қозоғистонда, “Orbis Auto” компанияси ҳамда “Porsche Central and Eastern Europe” жамоаси кўмагида ташкил қилинди.
Илк мавсум Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия, Франция, Озарбайжон, Руминия каби давлатлардан 130 дан зиёд иштирокчини тўплади. Улар машҳур “Porsche” спорткарларини трекда бошқариб кўришди, шунингдек миллий маданий мерос намуналари билан ҳам танишди.
Лойиҳа учун танланган асосий майдон – модернизация қилинган “Сокол” спорт-техника мажмуаси ҳудудидаги узунлиги қарийб 4,5 км келадиган трасса 13 бурилиш ва соатига 250 км/соатдан ортиқ тезликка чиқиш имконини берувчи тўғри чизиқ шаклидаги йўлакка эга. Мазкур инфратузилма “Porsche” моделлари салоҳиятини тўлиқ намоён этиш учун мукаммал шароит яратди.
[gallery-25285]
Трек машғулоти бренднинг халқаро сертификатга эга инструкторлари назоратида олиб борилди.
Машғулотдан кейин 14 та “Porsche” автомобилини жамлаган карвон Чарин каньонига йўл олди. Қарийб 200 километрлик йўлда иштирокчилар нафақат тезкор машинани бошқариш завқини ҳис қилишди, балки миллий урф-одатлар намойишидан ҳам баҳраманд бўлишди. Меҳмонлар махсус кемпингда тушлик қилиб, Ойли каньонида жойлашган ўтовда қизғин суҳбат қуришди.
– “Porsche Experience” Қозоғистонда! Бу фақат тезлик ва ҳиссиёт эмас, балки мамлакатда автомобиль маданиятини ривожлантиришнинг янги босқичи, – деди “Porsche Kazakhstan” директори Гавҳар Габдраҳимова. – Бизда замонавий спорт стандарти ва сайёҳлик имконияти уйғунлашди.
Маълумки, “Porsche Experience” глобал дастури дунёнинг турли минтақаларида йўлга қўйилган. Альп тоғи, немис автодроми, Ўрта ер денгизи соҳили ёки Скандинавия музли трассаси – буларнинг бари “Porsche” ишқибозлари учун ноёб тажриба майдони. Қозоғистондаги дебоча эса салмоқли рўйхатга Марказий Осиё ҳам кирганини англатади.
“Porsche Experience” биргина мамлакат эмас, бутун минтақа, жумладан Ўзбекистон учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бренд бевосита ҳудудимизга кириб келиши, Тошкентда автомарказ барпо этилиши машина ихлосмандларини мамнун қилиш баробарида туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун қўшимча қиймат ҳам яратади.
Хуллас, “Porsche Experience Kazakhstan” шунчаки тест-драйв эмас, балки Марказий Осиёда автомобиль маданияти, туризм ва халқаро имижни уйғунлаштирган йирик лойиҳадир. Мазкур ташаббус орқали минтақамиз глобал автомобиль харитасига кирди. Бир сўз билан айтганда, келгуси ютуқлар учун мустаҳкам пойдевор яратилди.
Достон УМАРОВ, ЎзА мухбири
Тошкент-Олмаота-Тошкент