![](https://cdn.uza.uz/2021/12/03/10/30/4OUGmsQGxi6LlXsEnxFyYRZi5p5bJAVr_normal.jpg)
Халқимизга хос инсонийлик ва бағрикенглик 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Олмалиқ шаҳри бўйлаб уюштирилаётган «Инсон қадри учун» шиори остидаги тадбирларда ўз аксини топмоқда.
Сана муносабати билан Тошкент вилояти Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ҳудудда яшовчи ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз кексалар ва ихтисослаштирилган мактаб интернатлари ўқувчиларига ғамхўрлик кўрсатилди.
Комбинат касаба уюшмаси Кенгаши томонидан Олмалиқ шаҳрида яшовчи 1 минг 500 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор шахсларга 9 хил озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат жамланмалар тақдим этилди.
— Бу каби ғамхўрлик ва эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, — дейди, иккинчи гуруҳ ногирони Элмурод Ҳамроқулов. — Ҳозир Саноат темирйўл транспорт бошқармасида темирйўл ўтиш жойи навбатчиси вазифасида меҳнат қиламан. Бўш вақтларимда косибчилик билан шуғулланаман. Ҳаётимдан нолисам ношукурлик бўлади. Ҳаракат қилган кам бўлмайди. Касбим, ҳунарим ортидан рўзғор тебратаман.
Шунингдек, 138 нафар комбинатда ишлаб, нафақага чиққан ногирон пенсионерларга ҳам ғамхўрлик кўрсатилиб, озиқ-овқатлар улашилди.
Сана муносабати билан ОКМК бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Ҳурсанов шаҳримиздаги 80-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернати ҳамда 6-сонли махсус ёрдамчи мактабга борди.
Тадбирда ҳар икки мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Мазкур интернатга 16та шахмат доскаси, 221 дона ширинликни жамлаган совғалар туҳфа этилди, 6-сонли махсус ёрдамчи мактаб ўқувчиларига 175та байрам совғаси топширилди.
А.Мусаев, ЎзА