Олийгоҳларда ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитлар қониқарлими?
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ногиронлиги бўлган ёшларнинг сифатли таълим олиши учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан “Инклюзив Омбудсман” лойиҳаси доирасида вилоятлардаги 42 та олий таълим муассасасида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитлар юзасидан мониторинг ўтказилди.
Ўрганишлар давомида инклюзив таълимни ташкил этиш, бинолар ва инфратузилмани мослаштириш, таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ муаммолар аниқланган. Жумладан, айрим олий таълим муассасаларининг бино ва иншоотлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига тўлиқ мослаштирилмаган, пандуслар, лифтлар, махсус санитария-гигиена хоналари ва ҳаракатланиш учун зарур бошқа қулайликлар етарли даражада ташкил этилмаган.
Бундан ташқари, ўқув адабиётлари ва электрон таълим ресурсларининг барча талабалар учун бирдек қулай эмаслиги, махсус техник воситалар билан таъминлаш, ўқув жараёнини индивидуал эҳтиёжларга мослаштириш ҳамда малакали мутахассислар кўмагини ташкил этиш борасида ҳам ечимини кутаётган масалалар мавжуд.
Мониторинг давомида таълим муассасалари биноларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг мустақил ҳаракатланиши учун зарур бўлган тактиль йўлаклар, огоҳлантирувчи қопламалар, визуал контрастли кўрсаткичлар, Брайль алифбосидаги ёзувлар ва бошқа навигация воситалари етарли эмаслиги маълум бўлди.

Ушбу мониторинг натижалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари ҳамда Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмиталарининг қўшма йиғилишида батафсил муҳокама қилинди. Олий таълим муассасаларида инклюзив муҳитни яхшилашга қаратилган қатор амалий тавсиялар илгари сурилди. Инклюзив таълимни ривожлантириш учун тегишли қонунчилик асосларини такомиллаштириш, белгиланган ҳуқуқий кафолатлар таъминланиши устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш зарурлиги айтилди.
М.Комилова,
ЎзА