ХВЖ миссияси Ўзбекистондаги коррупцияга қарши превентив чоралар бўйича амалий натижалар билан танишди
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари К.Гвенетадзе бошчилигидаги миссия ташриф буюрди.
Учрашувда Агентлик директори ўринбосари Умида Тўхташева Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга оид давлат сиёсати бошқарувда шаффофликни таъминлаш, бюрократияни қисқартириш ва жазо муқаррарлигини қарор топтиришга қаратилган устувор йўналиш ҳисобланишини қайд этди. Ушбу сиёсат мустаҳкам қонунчилик базаси, махсус ваколатли органлар фаолияти ҳамда рақамлаштириш ислоҳотлари орқали рўёбга чиқарилмоқда.
2017 йилда қабул қилинган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун соҳадаги давлат сиёсатининг асосий ҳуқуқий пойдеворидир. Бу йўналишда «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тўғрисидаги қонунлар ҳам қабул қилинган.

Бугунги кунда мамлакатда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш фаолият юритмоқда. 2026 йилда Агентликка халқаро молия ва хорижий маблағлар иштирокидаги лойиҳаларда коррупция ва манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ҳамда олдини олиш бўйича янги ваколатлар берилди. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) бўлинмалари ташкил этилиб, улар халқаро ISO 37001:2016 стандартлари асосида иш олиб бормоқда.
Коррупциявий омилларни бартараф этишда инсон омилини камайтириш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида юзлаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, солиқ, давлат харидлари ва рухсатнома бериш жараёнлари электрон шаклга ўтказилди, кўплаб ортиқча ҳужжатлар ва лицензия талаблари бекор қилинди.

Давлат органлари фаолияти шаффофлигини назорат қилиш учун «E-Antikorrupsiya» платформаси, «E-qaror» тизими ва Очиқлик индекси жорий этилди. Натижада Ўзбекистон “Open Data Inventory” халқаро рейтингида 195 та давлат орасида 30-ўринга кўтарилди. Бундан ташқари, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Коррупцияга қарши виртуал академия ташкил этилди. Ҳозирда коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя ордери орқали муҳофаза қилиш тизими йўлга қўйилмоқда.
Мулоқот давомида делегация вакиллари ички назорат тузилмалари фаолияти, уларнинг мустақиллиги ҳамда «Коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларининг жорий босқичлари билан танишди. Шунингдек, қатор соҳаларда коррупциявий хавфларни бартараф этиш ва превентив чоралар кўриш борасидаги амалий натижалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан мунтазам ахборот алмашинувини йўлга қўйишга келишиб олди.
Н.Абдураимова,
ЎзА