Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Ўзбекистон Республикаси сайланган Президентининг лавозимига киришишига бағишланган қўшма мажлиси давом этмоқда.
–Тараққиёт стратегиямизда халқимиз саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолади. Ушбу соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида минг долларга етказиш мўлжалланмоқда. Асосий мақсад – тиббиёт соҳасини чинакамига халқ дардига дармон бўладиган, юқори самара билан ишлайдиган тизимга айлантиришдан иборат,– деди Шавкат Мирзиёев. –Тиббиётнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактикага, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Жумладан, аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини амалга ошириш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш чоралари кўрилади.
ЎзА