Олий таълимда халқаро ҳамкорлик
“Илмни, Чиндан бўлса ҳам, ўрган” деган ҳадиси шарифда “Чин” мамлакатининг тилга олиниши – рамзий маънога эга. Араб диёри учун бу узоқ мамлакат ҳисобланган. Демак, бундан, илмни йироқ-йироқларга бориб бўлса ҳам, ўрган, деган маъно-мазмун келиб чиқади.
Ўзбекистонимизнинг бугунги тараққиёти учун бу ўта муҳим шиорлардан бири ҳисобланади. Чунки тезроқ дунёнинг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишимиз учун тинмай изланишимиз, ўқиб-ўрганишимиз, ўз ички имкониятларимизни ҳадди аълосида ишга солиш билан бирга, хориждаги энг илғор тажрибаларни юртимизда ҳаётга жорий этишимиз зарур.
Ташкил топганининг беш йиллигини нишонлаётган Тошкент амалий фанлар университети (ТАФУ) бу ғояга қатъий амал қилиб келаётган хусусий таълим ташкилотларидан бири.
У мамлакатимиздаги 74 хусусий таълим ташкилотлари орасидаги битирувчиларга давлат таълим стандарти бўйича диплом берадиган 5 университетдан бири ҳисобланади. 2026/27 ўқув йили ўқишга қабул қилинганларни ҳисобга олмаганда (чунки бу жараён давом этяпти), университетда 20 мингдан ошиқ талаба таълим олади, уларга 500 дан ортиқ профессор-ўқитувчи дарс беради.
Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда меҳнат жамоаларида тобора чуқурлашаётган рақобат муҳити юзага келган. Халқаро майдонда ҳам кадрларнинг янги авлодидан юқори касбий малака талаб қилиняпти. Давр ҳар бир олий таълим даргоҳидан ҳам Ўзбекистонимиз, ҳам минтақамиздаги қўшни мамлакатлар, ҳам жаҳондаги етакчи давлатларда меҳнат қилишга лаёқатли кадрлар тайёрлашни талаб этаётир. Шубҳасиз, бу олий таълим сифатини таъминлашга бўлган жиддий ижтимоий буюртма ҳисобланади.

Тажрибали ва юқори малакали профессор ва ўқитувчилар университетнинг асосий бойлиги ҳисобланади. Бутун дунёда ҳам олий таълим муассасаси рейтингини айнан унда таълим бераётган муаллимлар салоҳияти ташкил этади. Университетга ишга қабул қилишда уларнинг илмий салоҳиятига, шунингдек, хорижий тилларни билиши, нуфузли илмий журналларда мақолалар билан иштирок этиши, дарслик ва ўқув қўлланмалари чиқаргани, халқаро “ҳерш” индексига эгалигига жиддий эътибор берилади. Шу боис мазкур университетда профессор-ўқитувчиларнинг малака оширишига ҳам алоҳида масала сифатида қаралади. Кейинги 3 йилда 27 профессор-ўқитувчи хориждаги етакчи университетларда малака оширди.

Илмий тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, ўқув жараёнини инновациялар билан узвий боғлаш ҳамда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадини халқаро ҳамкорликсиз амалга ошириб бўлмайди. Университетда ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманларда Европанинг Германия, Буюк Британия, Латвия, Литва, Эстония, Осиёнинг Индонезия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Марказий Осиёнинг Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон давлатлари вакиллари иштирок этди.
Университет профессор ва ўқитувчиларининг ўтган ўқув йилида Scopus ва WоС тизимида индексацияланган мақолалари 342, илмий анжуманлардаги маъруза ва тезислари 31 тани ташкил этди. Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорликда олиб борилган илмий тадқиқот ишлари натижасига мувофиқ 5 та патент рўйхатдан ўтказилди.

Университетда кейинги 3 йилда 10 та халқаро илмий конференция ташкил этилди. ТОП-500 таркибига кирган университетлар билан ҳамкорликда илмий тадқиқот олиб боришга қаратилган 2 шартнома имзоланди. Университетда ишлайдиган хорижий профессор ва ўқитувчилар сони ошиб бормоқда. Профессор-ўқитувчилар 20 халқаро илмий лойиҳада иштирок этяпти.

Халқаро Киберхавфсизлик Саммити доирасида 30 дан зиёд давлат вакиллари иштирокида ташкил этилган хакерлик мусобақасида Ахборот хавфсизлиги ихтисослиги талабаси Камрон Мамедов фахрли 3-ўринни эгаллади.
Университетда ўқув жараёни халқаро андозалар ва замонавий талаблар асосида ташкил этилган.
ТАФУнинг жаҳоннинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги кучайиб, унинг географияси ҳам кенгайиб боряпти.
Куни кеча Малайзиядаги “KOLEJ POLY-TECH MARA SDN. BHD” (“KPTMSB”) компанияси ҳамда ТАФУ ўртасида Ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги мажбурий кучга эга бўлмаган меморандум (битим) имзоланди. Малайзиядаги бу компания хусусий таълим муассасаларини бошқариш билан шуғулланади. Унинг бошқаруви таркибида Малайзия политехника университети ва олти коллеж мавжуд.
Бу ҳамкорлик ҳужжатига асосан, томонлар дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш; ўзаро англашув, академик ҳамкорлик, маданий алмашинув ва ходимлар алмашинувини рағбатлантириш; янада расмий, кенг қамровли ва мажбурий кучга эга битимлар тузиш йўлида иш олиб бориш келишилди. Меҳмонлар ТАФУнинг ўқув биноларидаги талабалар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан атрофлича танишди.
Меморандум имзолаш тадбирида Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Каромиддин Ибодович Гадоев иштирок этди.
Султонмурод ОЛИМ,
ТАФУ профессори.