
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида Ўзбекистондаги Erasmus+ Миллий офиси ваколатхонаси ҳамкорлигида ахборот-методик семинари ўтказилди. Ушбу ваколатхона Европа комиссиясининг олий таълим соҳасига оид дастурларини тақдим этиш баробарида лойиҳаларда иштирок этаётган маҳаллий ҳамкорларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бугунги кунда олий таълимда салоҳиятни ошириш бўйича 63 та лойиҳа йўлга қўйилган.
НДКТУда ўтказилган семинарда Навоий ва Бухоро вилоятларидан олий таълим муассасалари вакиллари, “Erasmus+” олий таълимни ислоҳ қилиш бўйича экспертлар (CBHE) гуруҳи аъзолари ҳамда Олий таълимда салоҳиятни ошириш (HEREs) лойиҳалари вакиллари иштирок этди. Семинар доирасида “Erasmus+” лойиҳалари имкониятлари, 2025 йил учун мўлжалланган лойиҳалар ва энг яхши тажрибалар бўйича тақдимотлар қилинди.
[gallery-21395]
- Европа комиссияси томонидан молиялаштириладиган мазкур дастурлар асосан профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш, хорижий стажировкаларни ташкил этиш, Европа таълим тамойилларини жорий этиш билан боғлиқ, - дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети проректори Шуҳрат Алиқулов. - Айни пайтда бизнинг университетда 1 та “Erasmus+” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу кончилик соҳасини барқарор ривожлантиришга оид бўлиб, шу асосда “Кончилик иши” ва “Ноёб ва радиоактив рудаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш” магистратура дастурларида Европа таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрланмоқда. Лойиҳа самарасида ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш салоҳиятига эга ва атроф-муҳитга таъсирни камайтириш бўйича таклифлар бера оладиган етук мутахассислар тайёрланади.
Семинар давомида иштирокчилар Erasmus+ Миллий офиси ваколатхонаси масъуллари ва лойиҳалар менежерларидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/A8QkJYtkveg" title="Oliy ta’lim rivojida xalqaro hamkorlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Сирож АСЛОНОВ (сурат ва видео), ЎзА