Фарғона давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказида амалий семинар ташкил этилди. Марказ ходимлари ҳамда Фарғона давлат университети профессор-ўқитувчилари қатнашган тадбирда юртимизда олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги янгиликлар, шунингдек, янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари бош мавзу бўлди.
Семинарда олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш Бош илмий-методик маркази Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти этиб қайта номланганлиги, малака оширишнинг муқобил шаклини бажарган тингловчилардан мутахассислик бўйича маҳорат дарсини ўтиб бериш мажбурияти олиб ташланганлиги, масофавий малака ошириш курслари тингловчиларига курс якунидаги тест синовлари ҳамда битирув (лойиҳа) иши ҳимоясига онлайн иштирок этишга рухсат берилганлиги, хорижий мамлакатларда умумий давомийлиги 4 ҳафта ёки 144 соат миқдоридан кам бўлмаган малака ошириш ёки стажировка ўташ муқобил малака ошириш шакли сифатида қабул қилинганлиги тушунтириб ўтилди.

– Таъкидлаш жоизки, олий таълим тизимидаги педагогларнинг малака ошириши бўйича бир қатор янгиликлар киритилмоқда. Масалан, айрим ҳолларда муқобил малака ошириш шаклидан мустақил малака ошириш шаклига ўтказиляпти. Жумладан, эндиликда хорижий мамлакатлардаги қисқа муддатли малака ошириш ва стажировкалар, педагоглар томонидан давлат буюртмаси асосида яратилган ижодий ишлар, якка муаллифликда тайёрланган дарслик ва ўқув қўлланмалар, илмий раҳбарлигида DSc (ёки 2 та PhD) даражасини олиш учун диссертацияларнинг ҳимоя қилинганлиги мустақил малака ошириш деб ҳисобланади, – дейди Фарғона давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази директори Бахтиёржон Баратов. – Албатта, бу қулайлик ва имтиёзлар олий таълим тизимида фаолият кўрсатаётган педагогларимизнинг янада иштиёқ билан меҳнат қилишларига, илмий изланишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Баҳс-мунозараларга бой ва қизиқарли ўтган тадбирда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув режаси, таълим дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқиш, раҳбар ва педагог кадрларнинг касбий билим даражаси ҳамда педагогик фаолият самарадорлигини инобатга олган ҳолда, касбий ривожлантириш таълим дастурларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув жараёни, илмий фаолиятга юқори малакали хорижий мутахассисларни кенг жалб қилиш, улар билан тажриба алмашиш борасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш масалалари юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Марказ тингловчилари учун Фарғона давлат университети томонидан янги ўқув йилига барча шарт ва шароитлар яратиб берилганлиги, 20 дона замонавий компьютер жамланмасини марказга тақдим этилганлиги ҳам алоҳида эътироф этилди.
ЎзА