Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини халқаро мезонлар ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига мос равишда ривожлантириш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, хусусан, Ўзбекистон Президенти Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»да олий ўқув юртларида замон талабларига мос профессор-ўқитувчилар корпусини яратиш, илмий-педагогик салоҳият ва илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш борасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, ҳужжатда бу соҳадаги долзарб вазифалар қаторида қуйидагиларни кўришимиз мумкин:
- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий таълим муассасаларида шаффофлик, холислик ва объективликни таъминлаш, коррупцияга шароит яратувчи омилларни бартараф этиш, тизимда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини изчил давом эттириш;
- олий таълим тизимида педагог кадрларни ишга қабул қилиш, лавозимларга танлов ўтказишда адолат ва очиқликни таъминлаш, тажрибали, ҳалол, масъулиятли профессор-ўқитувчи ва ходимлар корпусини шакллантириш;
- кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлган амалиётчи мутахассисларни таълим жараёнига кенг жалб қилиш;
- профессор-ўқитувчилар билан талабалар ўртасидаги бюрократик омилларни бартараф этиш, баҳолаш мезонларидаги шаффофликни кучайтириш.
Шу йўналишларда белгиланган вазифалар доирасида олий таълим тизими такомиллаштирилмоқда. Олий таълим қамровини кенгайтириш ва замон талабларига мос таълим йўналишларини яратиш мақсадида янги олий таълим муассасалари, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари, шунингдек, хусусий олий ўқув юртлари ташкил этилмоқда, ўнлаб олий ўқув юртларида сиртқи ва кечки бўлимлари очилмоқда, олий таълим муассасаларига қабул квоталари ошириб борилмоқда.
Амалга оширилаётган бундай ўзгаришлар олий ўқув юртларининг илмий-педагогик салоҳиятини кучайтириш, соҳага юқори малакали педагог кадрларни жалб этишнинг самарали механизмларини жорий этишни долзарб қилиб қўймоқда.
Маълумотларга қараганда. 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларида дарс берган ўқитувчи ходимларнинг фақат 40 фоизи фан доктори ёки номзоди даражасига эга бўлиб, уларнинг ҳар учтадан биттаси нафақа ёшида ёки нафақага чиқиш арафасида бўлган педагоглардир.
Ҳозир вақтда мамлакатимизда фаолият юритаётган 116 та олий таълим муассасаларининг 90дан ортиғи Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таркибига кирувчи давлатга қарашли олий таълим муассасаларидан иборатдир.
Айрим экспертларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, мазкур олий ўқув юртларининг ҳар бирида (уларнинг катта-кичиклигидан келиб чиқиб) 100 нафаргача ва 1000 дан ортиқ бўлган педагог ходимлар фаолият кўрсатишади. Мамлакат миқёсида олий таълим муассасаларида ҳар йили тахминан 5 мингтагача бўш ўқитувчилик иш ўринлари очилади.
Олий таълим сифати кўп жиҳатдан ўқитувчи ходимларнинг илмий салоҳияти ва касбий маҳоратига боғлиқ. Бу эса кўп жиҳатдан олий таълим муассасаларига малакали ўқитувчиларни ишга қабул қилиш жараёни қай даражада очиқ, шаффоф ва соғлом рақобат асосида ташкил этилганига боғлиқ.
Ҳозирги вақтда педагог ходимларни ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 20-сон қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги Низом асосида амалга оширилади. Низомда олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга олиниши белгиланган. Лекин, ўрганишлар кўп, олий таълим муассасаларида турли сабабларга кўра, ушбу низом талабларига етарлича амал қилинмаётганини кўрсатмоқда.
Масалан, Низомда тегишли танлов ҳақидаги маълумотлар вақтли матбуотда ёки бошқа оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, олий таълим муассасасининг кўп тиражли газетасида эълон қилиниши белгиланган. Бироқ ушбу қоидалар бугунги кун воқелигига тўла мос келмайди, кўплаб олий ўқув юртларида кўп тиражли газеталар муттасил нашр этилмайди, нашр этилганлари ҳам кам тиражда бўлиб, мазкур даргоҳдан ташқарига чиқмагани туфайли керакли аудиторияга етиб бормайди.
Олий таълим муассасаларидаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали маълумот тарқатиш оммалашмаган.
2020 йил июнь ойи ҳолатига фақат 8 олий ўқув юртининг расмий сайтида «Бўш иш ўринлари» рукни мавжуд бўлиб, уларнинг бирортасида профессор-ўқитувчилик лавозимига бўш иш ўринлари борлиги ҳақида маълумотлар жойлаштирилмагани аниқланган. Аксинча, мамлакатимизда фаолият юритувчи хорижий олий ўқув юртларининг интернет саҳифаларида бўш иш ўринларига оид батафсил маълумотлар жойлаштирилган.
Олий ўқув юртларидаги бўш иш ўринлари ҳақида кенг жамоатчиликка маълум қилинмаслиги соҳага очиқ танлов асосида муносиб ва малакали педагог ходимларни жалб этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш юзасидан қўйилган вазифаларни самарали бажарилишига тўсиқ бўлиб хизмат қилмоқда.
Ривожланган давлатларда олий таълим муассасаларининг ички қоидаларида профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчи ходимлар бўш иш ўринлари ҳақида кенг жамоатчиликка очиқ маълум қилиш мажбурияти белгилаб қўйилган. Бу талабга олий ўқув даргоҳида етарли номзодлар мавжуд бўлган тақдирда ҳам амал қилинади, жамоада меҳнат қилиб келган ходимлар ҳам бўш иш ўрни учун танловда ташқи номзодлар билан умумий асосда иштирок этишади.
Японияда олий таълим тизимидаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар марказлаштирилган ҳолда фан-техника Агентлиги расмий сайтида эълон қилинади.
Францияда ҳам профессор-тадқиқотчилар ишга кириш танловлари ва илмий фаолиятни амалга ошириш учун керак бўлган барча маълумотлар Олий таълим, тадқиқот ва инновация Вазирлиги томонидан ишга туширилган расмий сайт орқали амалга оширилади.
Канадада барча академик иш ўринлари бўйича эълонлар асосан “University Affairs” интернет сайтининг «Иш қидириш» саҳифасига жойлаштирилади. Ҳар бир университет ички қоидаларида очилган иш ўринларини тўлдириш бўйича эълонлар ушбу интернет саҳифасига жойлаштиришни талаб қилувчи меъёрлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони 8-бандида, жумладан, олий таълим соҳасида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгиланган. Мазкур йўналишдаги амалий ишлар олий таълимга талабалар ва магистрантларни ўқишга қабул қилиш, олий таълимдан кейинги таълим босқичи, докторантура босқичида илмий тадқиқотлар олиб бориш билан бир қаторда олий ўқув юртларида профессор ўқитувчилар корпусини шакллантириш жараёнларини ҳам ўз ичига олиши шарт.
Малакали ўқитувчи ходимлар ва истиқболли тадқиқотчиларни олий таълим тизимига жалб этиш ва уларнинг меҳнат фаолиятини ташкил этиш жараёнларида коррупция муносабатларининг олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланиши керак.
Мазкур соҳада тегишли қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда олий таълим тизимига малакали ходимларни жалб этишнинг ҳуқуқий-ташкилий механизмларни такомиллаштириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф қилинади:
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 20-сон қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги Низомни такомиллаштириш;
- Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий интернет сайтини, шу жумладан, «Бўш иш ўринлари» саҳифасини ҳозирги кун талаблари даражасида юритилишни таъминлаш;
- Вазирлик таркибига кирувчи барча олий таълим масканларининг расмий интернет сайтларини, шу жумладан, «Бўш иш ўринлари» саҳифаларини ҳозирги кун талаблари даражасида юритилишни таъминлаш;
- Вазирликнинг расмий интернет сайтидаги «Бўш иш ўринлари» саҳифасида вазирлик таркибига кирадиган барча олий ўқув юртларидаги мавжуд профессор-ўқитувчилик ва тадқиқотчилик бўш иш ўринлари ва ўтказиладиган танловлар ҳақидаги маълумотларни марказлаштирилган ҳолда эълон қилиш тартибини ўрнатиш;
- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таркибига кирувчи барча олий таълим масканлари ўзларидаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар ва тегишли танловлар ҳақидаги эълонларни вазирлик расмий интернет сайтида эълон қилинишини таъминлаши, шунингдек, ушбу маълумотларни ўзларининг расмий сайтларида такрорлаши тартибини ўрнатиш;
- Олий таълим тизимига профессор-ўқитувчилар ва истиқболли тадқиқотчиларни ишга қабул қилиш учун ташкил этиладиган очиқ танловларнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш;
- мамлакат олий таълим тизимида бўш иш ўринларига ўтказиладиган очиқ танловларни фақат оммавий ахборот воситаларида, олий ўқув юртлари ва Вазирликнинг расмий интернет сайтларида эълон бериш йўли билан ташкил қилиш тартибини белгилаш.
Анвар Эминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти масъул ходими