Олий суд раиси бозор фаолияти билан танишди
Ҳар бир масаланинг ечими унинг ўзида. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда раҳбар ва халқ мулоқоти аниқ шаклланган тизим асосида йўлга қўйилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган бундай ташаббус кўплаб муаммоларнинг тез ва осон ечилишига сабаб бўлмоқда.
Ана шундай ташаббуснинг амалий натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов Яккасарой туманидаги “Аския” деҳқон бозорида бўлиб, бозор фаолияти, савдо жараёнлари ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Танишув давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов ҳамда Яккасарой туман масъуллари бозор ҳудудида ташкил этилган ситуацион-таҳлилий марказ фаолияти билан яқиндан танишди.

Маълум бўлишича, мазкур марказ савдо жараёнларини тизимли назорат қилиш, нарх-навони мониторинг қилиш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини берувчи замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида фаолият юритмоқда.

Якунда масъуллар яширин иқтисодиёт бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.
Шербек Исломов,
ЎзА