Маъмурий судлар маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлайди.
Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади.
Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг маълум қилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 4 минг 180 иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 1 минг 649 нафар фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Маъмурий ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мансабдор шахсларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги 1 минг 877 иш кўриб чиқилди. Хусусан, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 515 тани ташкил қилиб, шундан жисмоний ва юридик шахсларнинг 178 аризаси қаноатлантирилган.
Вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар томонидан апелляция тартибида 768 иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 105 қарор бекор қилиниб, 4 қарор ўзгартирилди. Кассация тартибида 312 иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 50 қарор бекор қилиниб, 5 та қарор ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 357 иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 21 қарор бекор қилиниб, 2 та қарор ўзгартирилди.
Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 524 шикоят ва протест ўрганиб чиқилиб, шундан 59 таси иш материаллари асосида кўриб чиқилди. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 38 таси бекор қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА