Айрим манбаларда “3 ёшли боланинг қотили умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди” мазмунида хабарлар тарқалган.
Олий суд ахборот хизмати расмий баёнот бериб, бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Юртдошларимизни бу каби сохта («фейк») маълумотларга ишонмасликка чақирди.
“Ахборот ресурсларидан ҳаққонийлиги тасдиқланмаган, асоссиз маълумотларни тарқатмасликни сўраб қоламиз. Эслатиб ўтамиз, ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун: Жиноят кодексининг 97, 25, 97, 219 ва 251-1-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган С. М. (1993 йилда Фарғона вилоятида туғилган)га оид жиноят иши Тошкент шаҳар судига жорий йилнинг 29 октябрь куни келиб тушган бўлиб, айни пайтда иш мазмунан кўриб чиқиш учун расмийлаштирилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА