Олий Рада гагаузларни Украинанинг туб аҳолиси сифатида тан олиш таклифини илгари сурди
Гагаузларни Украинанинг туб аҳолиси сифатида тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Радада рўйхатга олинди.
Ушбу халқ Одесса вилояти ва Молдованинг жанубий қисмида яшовчи, аксари христиан дини православ мазҳабига эътиқод қилувчи туркий халқ ҳисобланади. 2001 йил аҳолини рўйхатга олиш жараёнида тўпланган маълумотга кўра, Украинада тахминан 30 000 гагауз бор. Молдовадаги Гагаузия минтақаси эса мухторият мақомига эга.
2025 йил кузида Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига гагаузларни туб аҳоли сифатида тан олиш таклифини киритди ва бу элат маданий ва дипломатик мулоқот учун алоҳида аҳамият касб этишига урғу берди.
2021 йил Олий Рада кўпчилик овоз билан “Украинанинг туб халқлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилган. Ушбу ҳужжатда Қрим татарлари, караитлар ва қримчаклар ҳам мамлакатнинг туб халқлари ҳисобланиши таъкидланган.
С.Раҳимов, ЎзА