Олий мартабали меҳмонга ҳудудларни ривожлантириш ва бошқаришнинг замонавий ёндашувлари тақдимот қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Бухоро вилояти ҳокимлиги ситуацион маркази фаолияти билан танишдилар.
Мамлакатимизда жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ишини уларни ягона манзилда жамлаган ҳолда ташкил этишга қаратилган маҳаллий давлат бошқарувининг янги модели изчил жорий этилмоқда. Бундай ёндашув идоралар фаолиятининг ўзаро мувофиқлашувини ошириш, қарорлар қабул қилишни тезлаштириш ва аҳолини ўйлантираётган муаммоларни янада самаралироқ ҳал қилишга хизмат қилади.

Вилоят бошқарувининг интеллектуал ўзагига айланган замонавий ситуацион марказ Бухоронинг янги маъмурий марказида ташкил этилди. Бу ерда дастлабки босқичда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармаси ҳамда бошқа тузилмалар жойлашган.
Марказда ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан тортиб, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, коммунал ва транспорт инфратузилмаси, жамоат хавфсизлиги ҳолати, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашгача, умуман, вилоят ҳаётининг барча жабҳалари бўйича маълумотлар реал вақт режимида шаклланади, қайта ишланади ва тизимли равишда таҳлил қилинади.

Олий мартабали меҳмонга марказнинг ҳудудлар кесимида вазиятни комплекс мониторинг қилиш, муаммоли нуқталарни барвақт аниқлаш, жойлардаги иш самарадорлигини холис баҳолаш ва белгиланган вазифаларнинг бажарилишини қатъий назорат қилиш бўйича имкониятлари аниқ мисоллар асосида кўрсатиб берилди.

Шундан сўнг етакчилар ҳокимлик ходимлари учун яратилган шароитларни кўздан кечирдилар. Янги бино замонавий иш жойлари, мажлислар заллари, рақамли инфратузилма билан жиҳозланиб, давлат идораларининг самарали ва уйғун бўлиб ишлаши учун барча зарур қулайликлар таъминланган.

Ташриф давомида Қозоғистон Президентига ноёб архив материалларининг нусхалари ҳам кўрсатилди. Бу Ўзбекистонда аниқланган, Туркистонда жойлашган Хожа Аҳмад Яссавий ва Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия Султонбегим мақбараларига алоқадор 1920–1950 йилларга оид қимматли ҳужжатлар, чизмалар ва фотоматериаллардир.

Қардош қозоқ халқига ва икки мамлакатнинг умумий тарихига ҳурмат белгиси сифатида ушбу архив ҳужжатларининг нусхалари Қозоғистон томонига ҳадя қилинди.

Ҳозирги кунга қадар аксарияти илмий муомалага киритилмаган бу материаллар катта тарихий ва илмий аҳамиятга эга экани қайд этилди. Ноёб меъморчилик ёдгорликлари бўлган Аҳмад Яссавий ва Робия Султонбегим мақбаралари Марказий Осиё халқларининг умумий тарихий-маданий меросида алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.