Пойтахтимизда «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизими 2023 йил сарҳисоби» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Олий аттестация комиссияси (ОАК) олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш масалалари бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони ОАК фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Мазкур ҳужжат асосида 2017 йил 1 июлдан олий ўқув юртидан кейинги таълимда икки поғонали тизим жорий этилди. Илмий изланишлари натижалари асосидаги диссертациялар фалсафа доктори (Doctor of Philosophy, бундан буён – PhD), кейинги босқичда эса фан доктори (Doctor of Sciences, бундан буён – DSc) илмий даражаларида тасдиқланмоқда.
ОАК фан, таълим, техника ва технологияларни ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда илмий ва илмий-педагог кадрлар сифатининг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш борасида фаолиятини доимий такомиллаштирмоқда. Бугунги кунда тизимда ортиқча бюрократик ҳолатлар бартараф этилган бўлиб, аттестация босқичлари рақамлаштирилган ҳолда очиқлик, холислик ва шаффофлик таъминланган.
2023 йилда 3571 нафар тадқиқотчи илмий даражада тасдиқланди. Шундан, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасида тасдиқланганлар 3100 нафарни, фан доктори (DSc) илмий даражасида тасдиқланганлар 471 нафарни ташкил этди.
Шу даврда 2384 нафар талабгор илмий унвонда, жумладан 455 нафари – профессор, 1749 нафари доцент ва 180 нафари катта илмий ходим унвонларида тасдиқланди.
Хорижий давлатлар муассасалари томонидан берилган 79 та илмий даражалар дипломлари нострификация қилинди. Шундан 22 таси фан доктори, 57 таси фалсафа доктори (PhD) илмий даражасида тасдиқланди.
Хорижий давлатларда илмий даражалар тўғрисида берилган 22 та фалсафа доктори (PhD) дипломи ўрнатилган тартибда фан доктори (DSc) сифатида тўғридан тўғри тан олиниб, тегишли дипломлар тасдиқланди.
ОАК раҳбарияти томонидан 2023 йилда ҳудудларда ташкил этилган Сайёр қабулларда 55 нафар шахснинг мурожаатлари ўрганилиб, ўрнатилган тартибда жойида ҳал этилди.
Соҳага оид келиб тушган мурожаатларни сифатли ва тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида ОАК веб-сайтида «Тезкор алоқа хизмати» жорий қилинган. Мазкур онлайн хизмат орқали келиб тушган саволларга ҳам ўрнатилган тартибда жавоб берилиши тизимли йўлга қўйилган.
ОАК томонидан олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказишда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида ОАК расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда «ОАК Бюллетени» журналида барча тегишли маълумотлар кенг ёритиб борилмоқда.
Мабуот анжуманида Олий аттестация комиссияси фаолиятига оид саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Н.Усмонова, ЎзА