Пойтахтимизда қисқа фурсатда бунёд этилиб, фаолияти йўлга қўйилган “Олимпия шаҳарчаси” том маънода Ўзбек спортининг, мамлакатимиз олимпия ҳаракатининг халқаро майдондаги “ташриф рамзи”га айланди.
Шаҳарча фаолияти билан яқиндан танишган, унинг ҳар бир объектини кўздан кечирган чет эллик спорт мутахассислари, экспертлар “Олимпия шаҳарчаси” мажмуалари замонавий коммуникация тизимлари билан уйғунлаштирилганини, халқаро даражадаги ўқув-машғулот йиғинлари, нуфузли мусобақаларни ташкил этишга ихтисослаштирилган ҳолда барпо этилганини таъкидламоқда.

Рости, қисқа вақт ичида 100 гектардан зиёд майдонда Халқаро олимпия қўмитаси талабларига мос муҳташам мажмуа - мураккаб муҳандислик ечимларини қамраб олган велодром, енгил атлетиканинг 48 та йўналиши бўйича мусобақалар ўтказишга мўлжалланган 9 қаторли югуриш йўлагидан иборат 12 минг ўринли яшил стадион, 25х50 метрли сузиш ва 25х20 метрли сувга сакраш ҳавзалари, машғулотлар учун бассейн ва тренажёр заллари, 2 минг ўринли жамоавий ва яккакураш спорт турлари мажмуалари ақлни шоширади, кўрган кўзни қувнатади.

Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларига руҳият бағишлай оладиган бу маскан нафақат юртимизнинг, балки Марказий Осиё мамлакатлари Олимпия ҳаракатига янгича кайфият, шиддат бера олиши билан аҳамиятли.
Хўш, ҳар қандай спорт тури бўйича нуфузли чемпионатлар, турнирлар, комплекс ўйинларни қабул қилиш имкониятига эга “Олимпия шаҳарчаси”да жорий йилнинг кейинги тўрт ойи мобайнида қандай мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда?

Спорт вазирлиги маълумотига кўра, “Олимпия шаҳарчаси” объектларида спорт турлари бўйича ички ва халқаро мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун тадбирларнинг ягона режа-графиги тасдиқланди.
Унга мувофиқ, дахлдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳудудларда профессионал спортчилар захирасини тайёрлаш бўйича спорт иншоотлари имкониятларини инобатга олган ҳолда устувор спорт турлари бўйича спорт тадбирлари, хусусан ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилиши белгиланди.
Бунда тегишли спорт федерация ва ассоциациялари томонидан олимпия спорт турлари бўйича йил якунига қадар жами 31 та спорт тадбирлари ташкил этилиши тасдиқланди.
Шундан велоспорт, сузиш, бокс, дзюдо, спорт курашлари, баскетбол, қиличбозлик, волейбол, чим устида хоккей каби спорт турлари бўйича 20 та республика мусобақалари, 3 та халқаро мусобақалар, 6 та маҳаллий ўқув-машғулот йиғинлари, 2 та халқаро ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилиши орқали 6 минг нафарга яқин спортчи қамраб олиниши назарда тутилмоқда.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА