"Олимпия шаҳарчаси объектларидан фойдаланиш дирекцияси"га раҳбар тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан Спорт вазирлигида соҳадаги долзарб масалалар юзасидан ўтказилган йиғилишда "Олимпия шаҳарчаси объектларидан фойдаланиш дирекцияси"га раҳбар тайинланди.
Йиғилишда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ёрқин намоён бўлаётгани, дунёдаги барча мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Йиғилишда мамлакатимизда Мустақиллик байрамини юқори савияда нишонлаш билан боғлиқ байрам тадбирларида спорт соҳаси ходимларининг фаол иштирокини таъминлаш, тизим олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.
Хусусан, спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш ҳамда спортчилар учун зарур шарт-шароитларни янада яхшилаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда Олимпия шаҳарчасида "Президент олимпиадаси" спорт мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш, шунингдек, ХХ Осиё ва V Параосиё ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг муносиб иштирокини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Хусусан, "Олимпия шаҳарчаси объектларидан фойдаланиш дирекцияси" ДМ раҳбари этиб Аброр Мамадалиев, шунингдек, Республика олимпия ва паралимпия маркази директорлигига Акром Низомитдинов тайинлангани маълум қилинди.
Т.Рўзиев, ЎзА