“Олимпия шаҳарчаси”: Илмий ёндашувлар янги ғалабаларнинг пойдеворини яратади
Пойтахтимизда қисқа фурсатда барпо этилиб, фаолияти йўлга қўйилган “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуалари нафақат Ўзбекистон спортининг, балки халқаро спорт мусобақаларининг маркази бўлиш билан бирга, илмий йўналишдаги тадқиқотлар, изланишлар марказига айланиб бормоқда.
Бирон кун йўқки, “Олимпия шаҳарчаси”да қайсидир спорт тури бўйича мусобақа ўтказилмаса. Спортнинг 50 дан ортиқ турлари ва йўналишлари бўйича ҳар қандай даражадаги мусобақаларни қабул қила оладиган “Олимпия шаҳарчаси” мажмуа ва майдонлари ҳар куни спортчилар билан гавжум.

Шу билан бирга, бу масканда жойлашган Ўзбекистон давлат спорт академияси, унинг тизимидаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тақдиқотлар институти, Ахборот-ресурс маркази олимлари, изланувчилари томонидан турли таҳлилий ишлар, лойиҳалар, дастурлар тадқиқ этиб келинмоқда. Янги-янги дастурлар, лойиҳалар яратилиб, жисмоний тарбия ва спорт йўналишида тадқиқ этилмоқда.
Ўзбекистон давлат спорт академияси ректори Илҳомжон Турсуналиевнинг таъкидлашича, бугунги кунда “Олимпия шаҳарчаси” оддий спорт мажмуаси эмас, балки илмий ёндашув асосида фаолият юритаётган замонавий инновацион марказга айланган.

-Юқори натижаларга эришишда истеъдоднинг ўзи етарли эмас. Спортчи тайёргарлигида илмий ёндашув, унинг жисмоний ва руҳий мувозанатида мутаносибликни таҳлил этиш, чуқурлаштирилган машғулотлардан кейин спортчиларнинг тикланиш жараёнларини назорат қилиш, психологик қўллаб-қувватлаш, тўғри овқатланишни рағбатлантириш ва индивидуал машғулот дастурлари қаторида мураббий-мутахассисларнинг юқори малакага, замонавий билим кўникмаларига эгалиги муҳим аҳамият касб этади, — дейди И.Турсуналиев.
Академияда спортчилар учун қатъий кун тартиби жорий этилган бўлиб, эрталабки бадантарбия, мослаштирилган таълим жараёни, профессор-ўқитувчилар томонидан олиб бориладиган машғулотлар ҳамда спорт психологияси бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Айтиш лозим, бугунги кунда жисмоний тарбия ва спорт нафақат соғлом турмуш тарзи, балки мамлакат нуфузини юксалтирувчи стратегик йўналиш ҳисобланади. Унинг тузилмаларидаги изчил саъй-ҳаракатлар, изланишлар янги муваффақиятларни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Т.Рўзиев, ЎзА