Олимпиаданинг илк кунида шахмат жамоаларимиз муваффақиятга эришди
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 1-тур ўйинларида эркаклар жамоалари ўртасида 101 та жуфтликдаги ўйинлар ўтказилди. Уларнинг 99 тасида ғалаба қайд этилди. 1 тасида томонлар муроса йўлини танлади.
Олимпиаданинг дастлабки кунги баҳсларида Ўзбекистоннинг барча эркаклар ва аёллар терма жамоалари ишончли ўйин намойиш этиб, мухлисларга ёрқин ғалабаларни туҳфа этди.
Эркаклар терма жамоаларимиздан Ўзбекистон-1 Ямайка жамоасини 4:0, Ўзбекистон-2 Афғонистон шахматчиларини 3:1 ва Ўзбекистон-3 жамоаси Мали вакилларини 3.5:0.5 ҳисобида доғда қолдирди.
[gallery-31465]
Мамлакатимизнинг аёллар терма жамоаси аъзолари ҳам биринчи кунги ўйинларда ишончни оқлади. Ўзбекистон-1 — ТТО (Тринидад ва Тобаго): 4:0, Ўзбекистон-2 –Того: 3:1, Ўзбекистон-3 — Танзания: 4 : 0.
Шахмат олимпиадасининг хотин-қизлар мусобақасида 93 та баҳснинг 92 тасида жамоалар куч синашди. Уларнинг 92 тасида омадли жамоалар ғолиблик байроғини баланд кўтарди. Руминия ва Пуэрто-Рико жамоалари баҳси техник сабабларга кўра ўтказилмади.
Эслатиб ўтамиз, 11 та турдан иборат 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси 27 сентябрга қадар давом этади.
Эртага, 17 сентябрь куни 2-тур учрашувлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА