“Олам аҳли, билингизким...”
Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди жаҳон олимлари нигоҳида
Мана неча асрки, Навоийнинг ижоди ғарб олимларининг диққат марказида. Таассуфки, ХХ асрда ҳукм сурган шўро тузуми туфайли барча соҳалар қатори маънавий ва илмий алоқа чегаралари ёпилди. Натижада, биз хориждаги ўзбек адабиёти тадқиқотчилари ва улар ишларидан, кўп жиҳатдан, бехабар ҳамда бебаҳра қолдик. Эндиликда ғарбу шарқ олимлари ва улар яратган илмий маҳсулот билан танишиш имкони кенгайиб бормоқда.
Ана шундай олимлардан бири канадалик Элизар Бирнбаум (1930-2019) эди. Кўринишидан, Америка қитъаси, айниқса, Канада ва ўлкамиз орасидаги масофа катта ва шу боис Навоийга бу мамлакатнинг алоқаси камдек. Аммо ярим асрдан бери бу ўлкада Темурийлар, хусусан, Ҳусайн Бойқаро давридаги маданий ва адабий ҳаёт масаласи Торонто университети профессорлари Элизар Бирнбаум ва Мария Сабтелнилар томонидан муайян даражада тадқиқ этиб келинди. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оид мавзулар ҳам улар илмий изланишларида мавжуд.

Канадалик турколог профессор Э.Бирнбаум 1947–1953 йиллари Лондон университети ҳузуридаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари марказида фаолият олиб борган. Ўша даврдан қадимий туркий тиллардаги шарқ қўлёзмалари устида изланишларни бошлаган. Турколог олим Фахир Из (1911–2004) раҳбарлигида “Бобурнома” матнини ўрганган.1953–1964 йиллари Англиянинг Дарем университетида, сўнг Америка Қўшма Штатларининг Мичиган университети кутубхоналари шарқ қўлёзмалари бўлимларида фаолият юритган. 1964 йилдан Канаданинг Торонто университетида турк тили профессори сифатида ишлай бошлаган ва шахсий кутубхонасида шарқ қўлёзмаларини тўплашга киришган.
Олим йиғган қўлёзмалар миқдори икки юздан ошиб кетган. Улар қаторида Лутфий ва Навоий асарлари кирган қўлёзмалар ҳам бор. Э.Бирнбаум эски ўзбек тилини ўрганиб, бу тилдаги қўлёзмалар устида ҳам тадқиқотлар олиб борган. Умуман олганда, олим турли қўлёзма фондларидаги туркий ва форсий қўлёзмаларга оид бир неча каталоглар нашр қилган. 2015 йили чоп эттирган каталоги Канададаги усмонли туркча ва эски ўзбек тилидаги қўлёзмалар тавсифига бағишланган. Мазкур каталогдан Лутфий ва Навоий қўлёзмалари тавсифи ҳам ўрин олган.
Э.Бирнбаум 1973 йили собиқ совет иттифоқига илмий сафар қилиб, Тошкентга ҳам ташриф буюрган. Фаолияти давомида Алишер Навоий ижодидан ташқари Лутфий ижодига ҳам қизиққан. 13 жилдлик “Ислом қомуси”нинг 5-жилдида олимнинг “Лутфий” номли мақоласи эълон қилинган. Олим 1973 йили Табризга бориб, Алишер Навоий қўлёзмалари билан танишади. Сафар таассуротлари асосида “Усмонлилар ва чиғатой адабиёти. Алишер Навоий девонининг усмонлича имлодаги ХVI аср боши қўлёзмаси” номли мақоласини ёзади. Мақолада усмонли ҳукмдорларнинг Навоий шахсияти ва ижодига бўлган эътиборини Навоийнинг бир қўлёзмаси асосида кўрсатиб берган.
Германияда ҳам буюк шоир ҳаёти ва ижодига бўлган қизиқиш узоқ йиллардан буён давом этиб келмоқда. Бу соҳада муайян ютуқларни қўлга киритган олимлардан бири Зигрид Клайнмихелдир. Германия фанлар академиясида илмий ходим бўлиб ишлаган доктор Зигрид Клайнмихел 1938 йилда туғилган. Ярим асрдан бери ўзбек адабиёти билан шуғулланиб келаётган олима инглиз, француз, рус, турк, усмонли турк тилларини билади ва олиманинг Берлиндаги бир қатор университетларда туркий тиллардан дарс бергани фикримиз исботи. Ўзбек тилида жуда яхши сўзлаша олишидан ташқари эски ўзбек тилидаги қўлёзмалар устида ҳам ишлайди.
Зигрид Клайнмихел, аслида, усмонли турк тили ва адабиёти мутахассиси бўлгани ҳолда, ҳозирги вақтда ўзбек адабиётини Германияда тадқиқ этувчи фаол тадқиқотчилардан бири. Мазкур йўналишдаги илмий фаолиятини 1901-1934 йиллардаги ўзбек адабиётини ўрганишдан бошлаган ва шу давр адабиётимизга оид китобини немис тилида чоп этган. 1990-2005 йилларда Алишер Навоий ижоди бўйича немис ва турк тилларида бир неча мақолалар ёзган. Жумладан, у немис тилида бир юз ўттиз беш саҳифадан иборат “Алишер Навоий ва Аҳмад пошшо” сарлавҳали мақоласини эълон қилган. Бундан ташқари турк тилидаги “Алишер Навоий ва усмонли шоирлари” номли мақоласи ҳам чоп этилган. Мазкур мақолаларда Алишер Навоий ижодининг усмонли турк адабиётига таъсири, Навоий асарларининг сўнги беш юз йил мобайнида усмонли турк тилига қилинган таржималари ҳақида фикр юритган. Муҳими, олима Навоий ва турк адабиётини оддий муносабатлар сифатида эмас, балки ғарб оламида кенг тарқалган янгича методларни ўз объектига татбиқ этган ҳолда ўрганган.
Олиманинг яна немис тилида битилган “Навоий кулгу ҳақида”, “Навоийи бенаво: Алишер Навоийнинг “Наводир ун-ниҳоя” девони ҳақидаги ўйлар”, “Хизр ва Алишер Навоий ижодида ҳаёт суви масаласи” мақолаларида ҳам қизиқарли кузатишлар ўртага ташланган. Кейинги даврда ғарб илмида турли янги методлардан фойдаланиш кучайди. З.Клайнмихел уларни Алишер Навоий ижодига татбиқ этиб тадқиқотлар олиб бормоқда. 80 ёшдан ошган Зигрид Клайнмихел ҳозирда ҳам ўзбек адабиёти, хусусан, Навоий ижодига оид тадқиқотларини давом эттирмоқда.
Венгрияда туркий адабиётни тадқиқ этиб келаётган олимларнинг кўзга кўринган вакилларидан бири – Бенедек Пери. У 1966 йили Венгрияда туғилган. Бенедек Пери ҳозирда Будапешт шаҳрида яшайди. Шарқшунослик институти директори ҳамда, айни пайтда, Этош Лоранд университети туркийшунослик кафедраси мудири сифатида фаолият олиб боради. Бенедек мазкур университетда инглиз, форс ва туркий тилларни ўрганган.

Айни венгер туркийшунослиги мактабига мансуб Бенедек Пери талабалик давридан бошлаб ўзбек адабиётини ўрганишга қизиққан. Шайбоний, Саккокий, Турди, Увайсий, Зулфия, Назир Сафаров, Саид Аҳмад, Иззат Султон, Уйғун каби адабиётимиз намояндалари ижоди бўйича тадқиқотлар олиб борган.
Ҳайдар Хоразмийнинг “Маҳзан ул-асрор” достони матни ва таржимасини нашр қилган. Бугунги кунда Бенедек Пери “Бобурнома”нинг венгер тилига таржимаси устида ишламоқда.
Сўнгги йилларда Бенедек Пери кўпроқ Алишер Навоий ижодини ўрганиш билан машғул бўлиб келмоқда ва бу йўналишдаги мақолаларини инглиз тилида нашр этяпти. Масалан, Ўзбекистонда унинг “Алишер Навоий форсий шеъриятининг усмонли султон Салим I (1512-1520)нинг ғазалларига таъсири” номли инглизча мақоласи чиққан. Унинг кузатишларига кўра, Навоийдан кейин яшаган турк султони султон Салим Иккинчи Навоийнинг “Девони Фоний”сидан ўрин олган ғазаллар таъсирида форсий шеърлар битган экан. Бу эса, ўз даврида Шарқда Навоий, нафақат туркий, балки форсий адабиётда ҳам ўз ўрнига эга кучли шоир деб тан олинганини кўрсатади. Бенедек Пери Навоийнинг форсча шеърлари кирган “Девони Фоний”ни нашрга тайёрлаш устида ишламоқда.
Олим фикрича, ХVI асрдан бошлаб Навоий шеъриятига эргашиб усмонли туркчасида ёки эски ўзбек тилида ижод қилиш, шеър ёзиш усмонлилар адабий муҳитида ўзига хос анъанага айланган. Перининг “Бобурийлар муҳитига Алишер Навоий ва Лутфий ғазалчилигининг таъсири. Байрамхон мисолида” ҳамда “Алишер Навоий ва Ҳофиз Шерозийнинг биринчи ғазали” каби мақолалари Ўзбекистонда нашр этилган.
Бенедек Перининг “Алишер Навоий шеърларининг инглиз тилига таржимасига оид мулоҳазалар: муаммо ва таклифлар” номли мақоласи Навоий шеърияти таҳлили ва шоир шеърларини ғарб ўқувчисига таржимада тушунтириш масаласига бағишланган. Унда олим Навоий шеърларининг ғарб тилига таржима қилишдаги муаммоларни кўрсатиб ўтган ҳамда уларни ҳал этиш йўлларига оид ўз илмий қарашларини илгари сурган.
Францияда Алишер Навоий ижодини ўрганиш бошланганига бир неча аср бўлди. Франциялик олим Марк Тоутант Алишер Навоий ижоди билан махсус шуғулланиб келмоқда.
У 1978 йили Францияда туғилган. Ҳозирда Франция миллий илмий тадқиқотлар марказида илмий ходим бўлиб ишлайди. Париждаги Шарқ тиллари ва цивилизациялари институтини туркий ва форсий тиллар йўналишида тамомлаган. Олти йил Тошкентдаги мактабда француз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Бу ерда ўзбек тилини қўлёзмаларни ўқиш даражасида эгаллаган. 2013 йили Парижда Алишер Навоий ижоди бўйича француз тилида “Сўнгги темурийлар маданияти: Алишер Навоий (1441-1501) “Хамса”си мисолида назирагўйлик амалиёти тадқиқи” номли француз тилидаги диссертациясини ҳимоя қилган. 2016 йили Марк Тоутант ўз диссертациясидаги қарашларини тўлдириб, “Сўз империяси: сўнгги темурийлар даври қудрати, маданияти ва тасаввуф Алишер Навоий “Хамса”си инъикосида” номли монографияни чоп этган. Мазкур китоб Алишер Навоий ижоди бўйича ғарбда чоп этилган ягона монография бўлиб қолмоқда.
Марк Тоутант ғарбда Навоийни кўпроқ танитиш ва Навоий асарларини француз тилига кўпроқ таржима қилиш лозим, деб ҳисоблайди. Олимнинг ўзбек мумтоз адабиёти билан боғлиқ тадқиқотлари француз ва инглиз тилларида яратилган бўлиб, Низомий Ганжавий ва Навоий, Навоий ва Жомий ижодий муносабатлари, Навоий “Хамса”сини темурийларнинг маданий сиёсати кесимида тадқиқ этиш каби масалаларга бағишланган.
Демак, Навоий ижодига қизиқиш ва уни тадқиқ этиш хорижда муттасил давом этмоқда. Алишер Навоий таъкидлаганидек:
Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.
Афтондил ЭРКИНОВ,
филология фанлари доктори,
Маданият вазирлиги
ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги
маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази
eтакчи илмий ходими.
ЎзА